Болалигимдан давлатимизнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга қаратаётган эътиборини ҳис қилиб улғайдим. Қорақалпоғистон Республикасидаги 1-сон Меҳрибонлик уйида таълим-тарбия олдим.
Кейинчалик юртимиз ривожига ҳисса қўшиш, жамиятда ўз ўрнимга эга бўлиш учун билимларимни оширдим, мустақил тайёрландим. Бугунги кунда ўзим ҳоҳлаган йўналиш бўйича олийгоҳда таҳсил олмоқдаман.
Кейинги йилларда давлатимиз томонидан аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўплаб мен каби Меҳрибонлик уйларининг собиқ тарбияланувчилари уй-жойли бўлишди. Ўтган йилнинг 17 январида эса, юқорида келтирилган Президент қарорига мувофиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори қабул қилинди ва «Меҳр дафтари» тизими жорий этилди.
Куни кеча менга қўнғироқ қилишиб, юртимизда «Меҳр дафтари» тизимида амалга оширилган ишлар доирасида Нукус шаҳридан уй-жой совға этилишини маълум қилишди. Янги уйнинг калитини Қонликўл тумани ҳокими Бахрам Бегдуллаевичнинг ўзи тантанали равишда топширди. Уй янгидан таъмирланиб қолмасдан зарур ошхона ва бошқа жиҳозлар билан таъминлангани мени жуда қувонтирди.
Бу имконият ва шароитларни яратиб бераётган Президентимизга, республикамиз раҳбарияти ҳамда Қонликўл тумани ҳокимлиги ва мана шу эзгу ишга ҳисса қўшаётган барча масъулларга миннатдорлик билдираман.
Ниҳоясига етаётган 2023 йил — Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида ўзим мисолимда билдимки, юртимизда инсонга эътибор ошмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» деган тамойил энг олис овулларгача етиб бормоқда. Менинг энг катта, яъни Ватан ичра кичик ватан бўлган хонадонга эга бўлишдек орзуим ушалиши бунинг ёрқин мисоли, деб ўйлайман. Насиб қилса, Янги 2024 йилни янги уйда, ўз хонадонимда нишонлайман.
Даўлетбай Амантаев,
талаба.