ЖАМИЯТДА АДОЛАТ БАРҚАРОР БЎЛИШИДА ПРОКУРАТУРА ОРГАНЛАРИНИНГ ЎРНИ КАТТА


2016 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, юртимизда 8 январь санаси — прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланган. Мана етти йилдирки, ушбу сана мамлакатимизда кенг миқёсида нишонланади.

Эътиборлиси, мазкур сана муносабати билан прокуратура органларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланиши ва уларнинг хизматлари эътироф этилиши яхши анъанага айланган.

Жорий йилги касб байрамимиз арафасида мен учун шу жумладан, жамоамиз учун ҳам қувончли воқеа бўлди. Муҳтарам Президентимизнинг “Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, «Дўстлик» ордени билан мукофотландим.

Албатта, бу мукофот нафақат менга, балки бутун жамоамиз ва Қорақалпоғистондаги прокуратура органлари ходимларига берилган мукофот ва қилган меҳнатларининг эътирофи деб биламан.

Фаолиятимиз давомида суд ва бошқа органлар қарорлари ижроси  юзасидан давлат фойдасига, шу билан бирга жисмоний ва юридик шахслар фойдасига жами 3 трлн. сўмдан ортиқ ҳужжатлар ижроси таъминланган.

Шундан, 1 трлн. 77,2 млрд. сўмлик солиқ қарздорлиги, 10 млрд. 887 млн. сўмлик жиноят натижасида давлатга етказилган зарарлар, 2,8 млрд. сўмлик жиноий жарималар, 44,4 млрд. сўмлик давлат божи, 37,8 млрд. сўмлик маъмурий жарималар ундирилган бўлса, мол-мулкларни давлат даромадига ўтказиш билан боғлиқ 9 млрд. 97 млн. сўмлик ижро ҳужжатлари тугатилишига эришилган.

Шу билан бирга фаолиятимизда алимент ундируви билан боғлиқ ҳолатлар ҳам афсуски кўп учрайди. Бу борада доимий равишда ҳудудларда профилактика инспекторлари, маҳалла, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда тарғибот тадбирлари ўтказилиб, натижада 2 969 та ижро ҳужжати бўйича оилаларни яраштиришга эришилди.

Бундан ташқари,ишсиз алимент тўловчиларни ишга жойлаштириш мақсадида бюро органлари ташаббуси билан меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, унинг натижасида 1 938 нафар ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлиги таъминланди.

Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига олдиндан 3,1 млрд. сўмлик алимент пуллари ундирилди, 810 млн. сўмлик 4 та уй-жой олдиндан тўлов сифатида берилди.

Шунингдек, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали 76 млрд. сўм ундирилиб, ундирувчилар номига очилган банк пластик карталарига ўтказилиб берилиши таъминланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг  2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, бюро органлари томонидан ундирилган жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағлар белгиланган миқдорда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисоб рақамларига пропорционал тартибда йўналтирилиши белгилаб берилган.

Шу асосда, Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтар”ларига жорий йилнинг ўзида жами 31,3 млрд. сўм йўналтирилган.

Албатта, ҳали бу борада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Президентимиз таъбири билан айтганда, жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак. Шу нуқтаи назардан биз, бутун жамоамиз билан биргаликда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.

Венера Ерниязова,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, «Дўстлик» ордени соҳибаси.