Бугун Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда таъкидланганидек давлатимиз томонидан Қорақалпоғистон иқтисодиётини кўтаришга, одамларнинг турмуш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Орол денгизининг қуриган ҳудуди ўрнида 1 миллион 800 минг гектар яшил ўрмонзор барпо этилди. 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди, 401 та маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Аҳолининг турмуш даражаси ошди.
Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистонни ва Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Буни ҳар бир инсон, қолаверса, ҳар бир қорақалпоғистонлик бугун ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бугун Қорақалпоғистон ҳар томонлома жадал ривожланаётган ҳудудга айланиб бормоқда.
Шу маънода йиғилишда Қорақалпоғистонда бизнес юритиш учун бошқа ҳеч бир ҳудудга берилмаган имтиёзу имкониятлар тақдим этилиб, жозибадор бизнес муҳити ва ҳудуд аҳолисига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилган, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланлиги ва натижада тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қолаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек йиғилишда 2023 йилда қилинган ишлар кўриб чиқилиб, 2024 йилга мўлжалланган вазифалар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон аҳолиси 2 миллион нафардан ошди. Ҳар йили меҳнат бозорига 50 минг аҳоли кириб келади. Давлатимиз раҳбари уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиб, даромадли иш ва муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш кераклигига эътибор қаратди.
Шу мақсадда жорий йилда ҳам кенг кўламли ишлар кўзда тутилган. Хусусан, саноат ҳажми 23 триллион сўмга етказилиб, 2 триллион сўмлик янги қувватлар яратилади. Тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари тармоқларида 5 триллион сўмлик 24 та йирик лойиҳа ишга туширилади.
Шунингдек 2024 йилда ҳудудга 2 миллиард 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган. Бунинг эвазига саноатда 206 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 240 та, қишлоқ хўжалигида 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Уларда 13 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни очилади.
Албатта, буларнинг барчаси муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон иқтисодиётини янада кучайтириш, уни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш орқали Республикани энг ривожланган ҳудудлардан бирига айлантириш ва ҳудуд аҳолисининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга йиғилишда Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа хизматлар изчил ривожланаётганлиги ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, жорий йилда экспорт ҳажмини 160 миллион долларга етказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Йиғилиш давомида Президентимиз янги иш ўринлари яратиш бўйича режалар мавжуд салоҳиятга мос эмаслигини таъкидлаб, бу борадаги қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Масалан, 51 та саноат зонасида 775 миллиард сўмлик 71 та лойиҳани бошлаб, 1 мингта иш ўрни яратса бўлади. Ёки 10 минг гектар бўш ерни савдога чиқариб, 20 мингта тадбиркорни жалб қилиш мумкин. Бу 50 минг иш ўрни, дегани. Шунингдек, норуда конларга саноатни олиб кириб, 7,5 триллион сўмлик лойиҳалар ҳисобига 10 минг аҳолини банд қилиш мумкин.
Давлатимиз раҳбари бу борадаги катта имкониятлардан бири туризм эканини таъкидлади. Қорақалпоғистонда туризмни, айниқса, унинг эко, этно, зиёрат йўналишларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, туризм кластери ташкил этиш ва соҳага хорижий экспертларни жалб қилиш юзасидан топшириқ берилди. Нукус аэропортини ривожлантириш ва авиақатновларни кўпайтириш, янги меҳмонхоналар қуриш, музейларни модернизация қилиш, йўл бўйи хизматларини кенгайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Бу борада Буюк Британиянинг Bradt Guides саёҳат бўйича нашриёти томонидан 2023 йилда саёҳат қилишга тавсия этилган дунёдаги ноёб туристик ўринлар Чили, Коста-Рика, Исроил, Эстония ва бошқа туристларни жалб қилувчи ноёб масканлардан иборат бўлган ушбу рўйхатга Қорақалпогистон Республикасини ҳам киритганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Албатта туризм иқтисодиётнинг янада ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади, қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини оширишга, миллат фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, инфратузилманинг ривожланишига туртки бўлиб, янада оммавийлашади. Туризм айни пайтда маърифат ва фуқаролик жамиятининг маънавий асосларини шакллантиришда кучли восита бўлиб ҳам хизмат қилади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, худудимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижот ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, давлатимиз ривожи учун ўз таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этади.
Т.Романов,
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари.