Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги турли маънавий-маърифий, маданий ҳамда бадиий тадбирлар, учрашув ва мусобақаларда мардлар касби улуғланиб, юрт ҳимоясига масъул бўлган инсонларнинг шарафли ва машаққатли хизмати эътироф этилмоқда.
Жумладан, “Уч авлод учрашуви” деб номланган тадбирда иштирок этган Мудофаа ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари тизимларида кўп йиллик меҳнат ва ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар, Афғон урушида қатнашган жангчи-фахрийлар, айни вақтда армия сафларида хизмат қилаётган офицер, сержант ва аскарлар бугунги тинчлигимиз, осойишталигимизни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини таъкидлашди.
Зеро, сўнгги йилларда мазкур ҳарбий қисмда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари фахрийларда катта таассуротлар уйғотди.
Суҳбат давомида ҳарбий хизатчилар кўп йиллик тажрибага эга бўлган ҳамда бугун ҳам армия ҳаёти билан ҳамнафас яшаб келаётган устозлар билан мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Биргаликда қўшиқлар куйлаб, хизматдаги ютуқлари ҳақида ўртоқлашди.
Шунингдек, ҳарбий қисм меҳмонлари юрт ҳимоячилари билан шахмат-шашка бўйича дўстона турнирда иштирок этиб, китобларга бой кутубхонада китоб мутолаасининг фойдали жиҳатлари ҳақида фикрлашди.
Ҳарбий қисмда икки йил олдин бунёд этилган тренажёр зали ёши улуғ фахрийларда катта қизиқиш уйғотиб, улар хизмат қилган йилларда бундай шароитлар бўлмаганлгини таъкидлашди.
М.Қутлимуратов.