Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди. Ўзбекистон Қуролли кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир, ҳаракатчан ва пухта қуролланган кучга айланди десак, муболаға бўлмайди.
Қуролли Кучлар салоҳияти ва қудрати ортиб, ҳарбий соҳа ходимлари давлатимиз томонидан алоҳида имтиёз ва эътиборга эга бўлмоқда. Тинч юртга байрамлар ярашганидек, юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганига 32 йил тўлиши муносабати билан ҳам жойларда тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда ва ҳарбийларимиз моддий ва ижтимоий рағбатлантирилмоқда. Тахиатош туманидаги Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида янгидан қурилган маданият маркази, тренажёр зали ҳамда жанговар машиналарни сақлаш бокси тантанали тарзда фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида мамлакатимиз бўйлаб фойдаланишга топширилаётган ижтимоий ва жанговар тайёргарлик объектлари ҳамда бунёдкорлик ишлари давлатимизнинг юрт ҳимоячиларига бўлган ғамхўрлиги, уларга қулай хизмат шароитларини яратиш борасидаги эътибори намунасидир.
Таъкидлаш жоизки, бундан олдин энг олис ҳудудда жойлашган мазкур ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар иштирокида тантанали тадбир ёки мажлисларни ўтказиш, оғир атлетика ва спорт билан шуғулланиш учун етарлича шароит бўлмаган. Жанговар техникаларни сақлашга мўлжалланган бокслар ҳам йиллар зайли билан таъмирталаб ҳолатга келиб, фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган эди. Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул маблағлари эвазига эндиликда мазкур ҳарбий қисмнинг бир қанча муаммосига ечим топилиб, қўшимча қулайликлар яратилди.
Биринчи бино тантаналар залидан иборат бўлиб, унда онлайн видеоконференц алоқа орқали мажлислар, турли тадбирларни ўтказиш имкони мавжуд. Иккинчи иншоот спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилиб, фитнес ҳамда оғир атлетика билан шуғулланиш учун хизмат қилади.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари маданий ҳордиқ олишини ташкил этиш, ёшларнинг маънан ва жисмонан баркамол бўлиб вояга етишини таъминлашга хизмат қиладиган ушбу иншоотлар эндиликда юрт ҳимоячилари хизматида бўлиб, уларга қўшимча қулайликлар яратиб беради.
Ватанни ҳимоя қилиш ғурур ва ифтихор. Шарафли бурчларини сидқидилдан адо этаётган мард ўғлонларимиз бор экан, юртимиз тинч, ҳаётимиз осудадир.
Фотима АБДУРАИМОВА.