Ҳарбийлар энг олис овулларга меҳр-саховат улашди


Инсонийлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват халқимизга хос олижаноб фазилатлардан саналади. Шу боис муҳтож бўлиб қолган ватандошларимизга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг оғирини енгиллатиш, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётганларнинг ҳолидан хабар олишни мақсад қилган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари бу сафар ҳам олис манзилларга йўл олди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни умумхалқ байрами тароватини юртимизнинг олис ҳудудларида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ватандошларимизга етказишни мақсад қилган юрт ҳимоячиларининг ташрифи барчада илиқ таассуротлар қолдирди.

“Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги саховат ва кўмак тадбирлари халқ ва армия якдиллигини намойиш этмоқда.

Улар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманидаги “Ақтерек”, “Тақиркўл”, “Қирантау”, “Кердер” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Ҳарбийлар томонидан ташкил этилган “Меҳр ҳаракати” акцияси Нукус шаҳрида истимоқат қилаётган хонадонларга ҳам етиб борди. Жами 93 оилага моддий ва маънавий кўмаклар берилди.

Ана шундай хайрия акциялари доирасида маҳаллаларда “Армия ва ёшлар” учрашувлари, фестиваль ва концерт дастурлари ўтказилиб, Ватанпарварликни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар, шодон наволар овул аҳли ва ўқувчиларга бир олам шодлик улашди.

Ушбу тадбирларда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов иштирок этиб, бугун мамлакатимиздаолиб борилаётган ислоҳотлар замирида ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш каби олижаноб мақсадлар мужассам эканлигини таъкидлади. Фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай камол топиши учун барча кучлар сафарбар этилаётганини эътироф этди.

Нукус ҳарбий госпитали мутахассислари томонидан аҳоли ва болалар учун беғараз тиббий кўриклар ўтказилиб, тезкор лаборатория ташхиси, ультратовушли аппарат текшируви ҳамда бошқа шифокорларнинг сайёр қабули ташкил этилди.

Одамийлик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, бағрикенглик каби эзгу амаллар халқимизда азал-азалдан улуғланиб келинади. Инсонпарварлик фазилатлари бизда қадрият даражасига кўтарилиб, аждодлардан мерос сифатида қадрланади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати