Юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” байрами арафасида аскарлар оналари шарафланиб, фарзандларининг хизматдаги ютуқлари эътироф этилишига бағишланган тадбирлар ташкил этилиши анъанага айланган. Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч саналади. Ана шундай Ватан ҳимоячиларини камолга келтирган аскарлар оналари эса, ҳар доим шарафлашга муносибдир.
Мамлакатимиз бўйлаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишлаб, Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида “Ватанпарварлик ойлиги” ўтказилмоқда.
Жумладан, муддатли ҳарбий хизматни Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмларда ўтаётган қорақалпоғистонлик йигитларнинг оналарини шарафлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасидан иштирок этган Ватан ҳимоячиларининг оналари Самарқандда хизмат қилаётган фарзандлари билан видеоконференц алоқа тизими орқали дийдорлашиб, самимий суҳбат қуришди.
“Аскар оналарини шарафлаймиз!” деб номланган тадбирда бир неча ойдан буён армия сафида хизматда юриб, қадди-қомати келишиб қолган мағрур аскар ўғлонлари билан фахрланган оналарнинг дил сўзлари, мусофирчиликда юриб, кўп нарсанинг қадрини англаб етган йигитларнинг миннатдорлик изҳорлари учрашувга ўзгача кайфият бағишлади.
Муддатли ҳарбий хизматчилар оналари билан суҳбатда ҳарбий қисмда яратилган шароитлар фарзандларининг хизматда эришган ютуқлари эътироф этилди. Бу эътироф ва эътибор аскар оналарини хушнуд этди, албатта. Бундай қулайликлардан фахрланган оналар аскарларнинг командирларига миннатдорчилик билдириб, фарзандларига омадлар тилашди.
Ғайрат Отажонов.