Янги Ўзбекистондаги ҳар бир ўзгариш – энг аввало, меҳнаткаш халқимиз учун фойдали бўлиши, уларнинг юмушини осонлаштириши, кўп йилларга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда. Зеро, яратилаётган ҳар бир қулайлик, бунёд этилаётган иншоотлар халққа хизмат қилиб, юртимизнинг тараққий этишига ҳисса қўшмоқда.
Мудофаа вазирлиги тизимида ҳам ана шундай катта ўзгаришлар даврида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси ҳарбий қудратимизни юксалтириш, юрт ҳимоячиларининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, мамлакат мудофаа салоҳиятини юксалтиришга қаратилмоқда.
Тизимда амалга оширилаётган сўнгги йиллардаги энг диққатга сазовор ўзгаришларни, албатта, бунёдкорлик, қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан бутлаш, юрт ҳимоячиларининг касбий маҳоратини ошириш, қўшинлар тайёргарлигига илғор технология ва ахборот тизимлари жорий қилинишида кўришимиз мумкин. Эски бино ва иншоотлар ўрнида бугун янгилари бунёд этилиб, йиллар давомида таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлари капитал таъмирдан чиқариляпти.
— Биз Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмида капитал таъмирдан чиқарилган автомобиль техникаларни сақлаш паркини фойдаланишга топширдик. Ушбу объект 1990 йилда бунёд этилган бўлса, шундан буён унда жорий таъмирлаш ишлари умуман олиб борилмаган эди, — дейди Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов. — Сўнгги йилларда Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмидаги эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган техникаларни янгилаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Мудофаа вазирлиги томонидан “Камаз” русумли автотранспорт базасига ўрнатилган 16 тонна юк кўтаришга мўлжалланган бир дона автокран, бир дона WZ-30-25 русумли эксковатор юкловчи трактор, сув ташишга мўлжалланган техникалар тақдим этилди.
Йиллар давомида таъмирталаб ҳолатга келиб қолган ушбу объектда махсус техникаларни сақлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш, умуман олганда техникаларни табиий иқлим шароитларидан асраб-авайлашда қатор муаммолар бўлган. Техникалар турар жойлари, яъни боксларда иситиш тизимидаги носозликлар, ғишт ва бетон тўсиқларнинг емирилиши оқибатида шимолий ҳудудлардан келадиган қаҳратон қишнинг совуғидан техникаларни ўт олдириш ҳам катта қийинчилик туғдирган.
Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул маблағлари эвазига автомобиль техникаларни сақлаш парки қайта жонланиб, янги уфқ завқини туйди десак, муболаға бўлмайди. Бу ерда амалга оширилган капитал қурилиш ишлари натижасида боксларда иситиш тизими ўрнатилиб, техникаларни сақлаш шароити яхшиланган. Эндиликда паркда илгари бўлмаган машиналарга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тармоғи, устахоналар, ҳайдовчиларни тайёрлаш синфи, парк бўйича навбатчи хоналари, ҳайдовчилар дам олиши ва ювиниш учун хоналар барпо этилди. Буларнинг барчаси махсус техникаларни соз ва шай ҳолатда сақлаб туриш, уларга сифатли техник хизмат кўрсатиш, бир сўз билан айтганда, ҳарбий хизматчиларга замонавий шарт-шароитларни яратиш мақсадида бунёд этилган.
М.Қутлимуратов.