Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларга бириктирилган бўш ерлардан унумли фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини кенг татбиқ этиш мақсадида деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Жумладан, Шимоли-ғарбий ҳарбий округдаги ҳарбий қисм ва муассасаларда шахсий таркибнинг овқатланиш рационини витаминларга бой бўлган сифатли хўл мева, сабзавот, гўшт ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида ёрдамчи хўжаликлардан унумли фойдаланилмоқда.
Гарнизондаги ҳарбий қисмлардан бирининг моддий таъминот бўлинмасида илгари бўш турган қаровсиз ернинг 30 сотихида 2022 йилда иссиқхона қурилган.
Иссиқхона қурилган ер унумсиз қумлоқ бўлиб ундан умуман фойдаланилмай, келинган. Ернинг унумдорлигини ошириш мақсадида ўғитлар билан бойитилган унумдор тупроқ олиб келиниб, ундан кейингина экин экиш синовдан ўтказилган эди. Айтиш керакки, ўтган йили экилган саккиз минг туп бодринг кўчатидан мўл ҳосил олинди. Экинларни томчилатиб суғориш тизими эса сувни тежаш ҳамда етарли миқдорда намликни сақлашда самарали бўлмоқда. Бу йилги мавсумда 7 мингдан зиёд помидор кўчати ўтқазилиб, мавсум бошланганидан буён помидорнинг 4 та теримидан жами 6 тоннага яқин ҳосил йиғиштирилди.
2023 йилда ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги яна 30 сотихдан зиёд бўш турган ер майдонида бунёд этилган иссиқхонада ҳам бодринг кўчатлари ҳосилга кирди. Бу йил ҳосилдан юқори даромад олиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 2 тоннадан ортиқ бодринг териб олинди.
Иссиқхонада экилган экинларни парваришлаш ҳамда етилиб пишган ҳосилни териш учун алоҳида ёлланма ишчи кучидан фойдаланилмоқда. Асосийси, сабзавотлар савдосидан тушаётган даромаднинг барчаси ҳарбий қисм ва муассасаларни ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларга субсидия асосида кредитлар ажратиш, шахсий таркиб овқатланиш рационини яхшилашга йўналтирилмоқда. Қолаверса, етиштирилаётган мева ва сабзавотлар ҳарбий хизматчилар оила аъзоларига арзонлаштирилган нархларда тақдим этиляпти.
Д.Абибуллаев.