Кўпчиликка аёнки, минтақамизда тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги туфайли Амударё ҳавзасидан Оролбўйи ҳудудларига етиб келаётган сув миқдорлари йилдан-йилга камайиб бормоқда.
Бу эса мавжуд сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, сув йўқотишларининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилмоқда. Ҳурматли Президентимиз раислигида 2023 йил 29 ноябрь кунги қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув йўқотишларини камайтириш чоралари бўйича ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди.
Бу борада берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 1 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг сув ресурсларини бошқаришда сувни тежайдиган технологияларни қўллаш ички суғориш тармоқларида сув йўқотишларнинг олдини олишга қаратилган тегишли қарори қабул этилди.
— 2023 йил — биз сувчилар, шу жумладан барча сув истеъмолчиларининг оғриқли муаммоси бўлган каналларимизда катта миқдордаги сув йўқотишларни камайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар бошлангани билан тарихий йил бўлмоқда, — дейди Қорақалпақстан Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.ЖУЗБАЕВ. — Берилган топшириқлар асосида 2023-2024 йилларда кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидан 1000 км ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.
Белгиланган режалар барча туманларга етказилиб, графиклар ишлаб чиқилди. Бетонлаштириладиган ички ариқларнинг хўжаликлар кесимида карталари ишлаб чиқилиб, ҳар бир туманга масъул вакиллар ва лойиҳачи ташкилотлардан ходимлар бириктирилди. Бугунги кунда 95,2 км узунликдаги ички суғориш тармоқлари бетонланиб, 225,0 км ички ариқлар бетонлашга тайёрланди.
Бундан ташқари, Президентимиз топшириғи билан Қорақалпоғистон Республикасида 267,7 км магистраль каналларни бетонлаш ва реконструкция қилиш белгиланган. Шундан, Республика бюджети ҳисобидан жами 119,3 км узунликдаги 10 объектда (26,7 км йилдан-йилга ўтувчи 4 объект, 83-Раёсат мажлиси баёни асосида 89,6 км янгидан бошланувчи 5 объектда реконструкция қилиш) ҳамда қўшимча 3 км узунликдаги 1 объектда бетонлаш белгиланган. Янгидан реконструкция қилиш ишлари бошланадиган 5 та объектда лойиҳалаш корхоналари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишланиб, экспертизага берилган, қўшимча 3 км.лик 1 объектда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, қолган 148 км узунликдаги каналларни бетонлаш бўйича ҳозирда қўшимча маблағ ажратиш ишлари кўриб чиқилмоқда ва таклиф этилаётган объектларнинг бирламчи ҳужжатлари тайёрланмоқда.
Эътиборлиси, фидойи сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига кўп йиллардан буён сув бориши қийин бўлган 40 дан ортиқ оғир ҳудудларга сув етиб бориши таъминланди. Натижада буғдой, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштирилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, сув миқдори тобора камайиб бораётган даврда канал ва ариқларни бетонлаш билан бирга сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ҳам кам сув билан мўл ҳосил етиштиришнинг асосий омилларидан саналади. Шу боис кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш бўйича кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2019-2023 йилларда жами 40 минг гектарга яқин майдонларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Шундан, 17 минг 746 гектар майдонда томчилатиб, 2 минг 763 гектарда ёмғирлатиб, 112 гектарда дискрет усулида суғориш йўлга қўйилди. Шунингдек, 17 минг 695 гектар майдон эгилувчан қувурлар ёрдамида суғорилган бўлса, 1 минг 261 гектар майдонда эгатларга плёнка ётқизиш орқали суғорилди. Шу билан бирга Қорақалпоғистон шароитида сувни тежайдиган энг самарали усуллардан бири бўлган лазер ускунаси ёрдамида ер текислаш ишларига кейинги вақтларда кластер ва фермерларимиз катта қизиқиш билдираётир. Бу борада рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 102 минг 237 гектар майдон лазер ускунаси ёрдамида текисланганини кўришимиз мумкин. Хуллас, шу каби сув тежовчи технологияларни қўллаш натижасида 242,6 млн. м3 сув миқдорларини тежашга эришилди. Биз, кириб келган 2024 йилда ҳам сув тежовчи технологияларини кенг жорий қилиш бўйича режаларни белгилаб олганмиз.
Негаки, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, мавжуд сувлардан самарали фойдаланиш минтақамиз учун ҳаёт мамот масалага айланмоқда, десам муболаға бўлмайди.
Бу борада муҳтарам Президентимиз янги йилнинг илк кунларидан сув хўжалиги соҳасига оид масалаларни кенг муҳокама этиб, алоҳида қарорлар қабул қилаётгани ҳам фикримиз исботи, десак янглишмаймиз. Мана, 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори асосида ҳам сув хўжалигида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, мазкур қарорга кўра Сув хўжалиги вазирлигининг туман ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилмоқда. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан давлат бюджетига тушган тушумнинг 40 фоизи сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади.
Жорий йилдан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга suvkredit.uz платформаси орқали 5 йил муддатга, шундан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади. Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ушбу технологиялар жорий қилинган йилнинг ўзида тўлиқ миқдорда ажратилади.
Эътиборлиси, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларга тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 10 фоиздан ошадиган қисми давлат бюджети томонидан қоплаб берилиши назарда тутилган. Мазкур имтиёз ва имкониятлар Оролбўйи ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари сув тежовчи технологияларни кенгроқ жорий қилишига қаратилган тадбирлардан саналади, албатта.
Халқимиз орасида бирон бир нарса, ёки буюмни жуда арзимаган нархга сотаётганини таърифламоқчи бўлса, “сув текинга тарқатмоқда” ибораси қўлланилар эди. Ёки бўлмаса, қадри йўқ нарса, ёки ҳолатларга нисбатан ишлатиладиган “Олдингдан оққан сувни қадри йўқ”, деган ҳикматли иборада ҳам сувни қадрсизлигига ишора қилинади. Лекин, бирон нарсанинг жуда зарурлигини қиёс қилмоқчи бўлса ҳам “сув ва ҳаводек зарур” жумласи қўлланилади.
Ҳа, эндиликда “сув текин” иборасини эскирган сўзлар қаторига қўшсак бўлади назаримда. Негаки, эндиликда сув текин эмас, уни исроф қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Уммон олдида турсанг ҳам бир томчи сувни увол қилма, деганларидек, сувнинг қаймати, қадри бўлиши керак.
Демоқчимизки, бугунги кун талабидан келиб чиқиб сувдан фойдаланиш бўйича ҳам маданиятни шакллантириш зарур. Масалан, барчамиз, кундалик ҳаётимизда кийинишда, машина харид қилишда ва маиший техникаларни ишлатишда ҳам энг сўнгги русумдагиларидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз, бу борада замонавийликка интиламиз. Лекин сувдан фойдаланишдачи?! Ўйлаб кўрайлик. Бу борада бир авлод кўз ўнгида бутун бир Орол денгизи қуриб, саҳрога айланса-да, биз – сувдан фойдаланишда ўша эски замондагидан фарқимиз сезилмаётгандек, назаримда. Агарда, барча сув истемолчиларимиз сувдан фойдаланишда ҳам замонавийликка, ўша ривожланган давлатлар қўллаган усулларни босқичма-босқич қўллай бошласа, албатта, натижа бўлади.
Ғайратжон Отажонов.