КЕЛАЖАК КАСБИ
кам пул сарфлаб, юқори даромад олиш манбаи
Бугун рақамли технология кириб бормаган соҳа қолмади. Усиз турмуш тарзимизни тасаввур қилиш қийин. Барча соҳалар ривожи ITга боғлиқлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис, юртимизда мазкур йўналишни тараққий эттириш, зарур инфратузилмани яратиш, малакали кадрларни тайёрлаш устувор мақсадга айланган.
— Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, барча давлат идоралари ўз йўналишлари бўйича “E-qaror”, “Электрон поликлиника”, “Электрон кундалик”, “Шаффоф қурилиш”, “Болалар боғчаси” электрон тизимларига уланди, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий сектор бошлиғи Тимур Баекеев. — Ушбу тизимларнинг жорий этилиши туфайли биргина таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш ҳамда мактабгача таълим соҳаларида қоғозбозликларга чек қўйилиб, барча жараёнлар шаффоф ва автоматлаштирилган тарзда амалга оширилмоқда.
Энг қувонарлиси, корхона ва ташкилотлар томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг 555 тури my.gov.uz ягона давлат интерактив хизматлар портали орқали электрон кўринишга ўтказилиши коррупцияга йўл қўйилмасдан уйда ўтириб, мобиль телефон ёки компьютер ёрдамида олиш имконини яратди.
— Оролбўйида ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2023 йил давомида 4,7 минг километр шиша толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 17,8 минг километрга етказилди. Шунингдек, замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда телекоммуникация станциялари сони 311 та ва телефон қурилмаларининг умумий абонентлар сиғими 264,5 мингтага етди, — дейди Тимур Баекеев. — Шунингдек, мактаб, боғча, маҳалла каби ижтимоий соҳа биноларига шиша толали алоқа линиялари тортилиб, юқори тезликдаги интернет билан таъминланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш муҳим ташаббус”нинг учинчи ташаббуси ижросини таъминлаш, яъни аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва глобал ахборот тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон бўйича жами 17 та рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилди. Ушбу марказларда ўтган йил давомида 4915 тингловчи ўқув курсларини тугатди. Бундан ташқари, марказларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 1009 фуқаро “Компьютер саводхонлиги”, “График дизайн” ва “Мобиль дастурлаш” курсларида бепул ўқитилди.
— Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори туфайли айни йўналиш жадал тараққий этмоқда, — дейди IТ парк Қорақалпоғистон Республикаси филиали бош мутахассиси Мирас Шамуратов. — Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси IT резидентлари сони 39 тага етди. Улар томонидан 7,7 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилди ва 2022 йилга нисбатан 4 баробар кўпайди. Хорижий давлатларга аутсорсинг хизматларини кўрсатиш маркази (ВРО) Мўйноқ ва Беруний туманларида ташкил этилди. Шунинг натижасида 400 минг долларлик IТ экспорти амалга оширилди. Ахборот технологиялари кундан-кунга ривожланиб, фрилансерларга эҳтиёж ортмоқда. Ушбу соҳада кўплаб ёшлар ўзини ўзи банд қилаётир. Айни пайтда уларнинг сони 2120 нафарга етди. Барча имтиёзларни ўзида жам қилган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида 131 093 ёш рўйхатдан ўтган, шундан 65 485 нафар битирувчи сертификатга эга бўлди. Шунингдек, ушбу лойиҳанинг давоми бўлган “Курсера” платформаси орқали 15 мингдан ортиқ навқирон авлод вакиллари рўйхатдан ўтиб, сертификатлар олди.
IT соҳаси бўйича муваффақиятли иш олиб бораётган қорақалпоғистонлик ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. “Hupo” компанияси директори ва асосчиси Бекназар Абдикамолов бугунги кунда Сингапур ва Қозоғистонда фаолият олиб боради. Азиз Муртазаев эса ушбу компаниянинг сениор дастурчиси бўлиб ишлайди. Атабек Муртазаев эса Австралиянинг “Healthengine” компанияси дастурчиси. Даврон Ачилов “Synergy effect” компаниясида ишлайди.
— IТ — келажак касби. Кам пул сарфлаб, юқори даромад олиш мумкин. Шунингдек, давлат бошқаруви соҳасида рақамлаштиришни қўллаш, ортиқча вақт талаб қиладиган қоғозбозликни камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этишда бу соҳани ривожлантиришнинг аҳамияти катта. Энг муҳими, IТ соҳаси халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиб, турмушини фаровон қилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашув чоғида. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда IТ соҳаси ривожи ва илғор технологияларни фаоллаштириш, уни изчил юксалтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, аниқ қадамлар қўйилмоқда. Бу эса келажакда рақобатбардош билимдонларнинг тарбияланишига, уларнинг интеллектуал салоҳияти ошишига хизмат қилади.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).