Аёл бахтли бўлса жамият барқарор бўлади. Бир пайтлар аёл фақат уй юмушлари билан банд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб аёллар ҳам жамиятда, ҳам оилада ўз ўрнига эга. Гендер тенглик сабаб хотин-қизлар кириб бормаган соҳа йўқ, ҳисоб. Юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган хотин-қизларни бугунги кун қаҳрамонлари дейиш мумкин. Қўнғирот туманида туғилиб вояга етган Дилноз Абдуллаева замон билан ҳамнафас бўлишни олдига мақсад қилиб қўйди ва бу йўлда уни келин бўлиб тушган хонадони қўллаб-қувватлади.
Онам туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишларди. Ҳозир нафақада. Шундан бўлса керак, менда ҳам болаларга меҳр бўлакча. Тадбиркорлик фаолиятимни 2018 йилда Ўзсаноат қурилиш банкдан олган кредит эвазига “Wunderkinds in kungrad” нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилишдан бошлаганман.
Фаолият бошлаганимизда шароитлар у қадар яхши эмас эди. Шу жойда бир нарсани таъкидлашни жуда истардим. Президентимизнинг 2018 йил ноябр ойида Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида айнан биз фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотига келганлари нафақат мени балки бутун овулдошларимиз ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Шу тариқа фаолиятимиз изга тушиб, 2019 йилда ЯТТ Азамат Тажимуратов оилавий МТТни ишга туширдик, унда 50 нафардан ортиқ тарбияланувчилар бор. Эҳтиёжга қараб кейинчалик ЯТТ Абдуллаева Дилноз оилавий МТТ фаолиятини йўлга қўйдик. Мактабгача таълим ташкилотида шароитлар аъло даражада. Замонавий типдаги МТТ да тарбияланувчилар учун барча жиҳозлар етарли. Ҳозирда 150 нафар тарбияланувчи, 24 нафар мутахассис кадрларимиз фаолият юритаяпти. Машғулотлар ўз вақтида олиб борилаяпти. Инглиз тили, рус тили, мусиқа жисмоний тарбия машғулотлари болажонларнинг жони дили. Янги иш бошлаганимда 36 нафар тарбияланувчи, 12 нафар ходим бор эди холос. Давлатимиз томонидан МТТларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, тарбиячиларнинг маошлари ошиб бормоқда ва албатта, таълим ташкилотларига талаб ҳам ортмоқда. Мақсадим, овулимиздаги таълим ташкилотини шаҳарникидан кам қилмаслик ва яна кенгайтириш орқали болажонларимизга сифатли тарбия беришдир.
Бундан ташқари, 2023 йилда “Дилноз нон” МЧЖ цехини ишга туширдик. Бу ерда ишлаб чиқилаётган маҳсулотлардан мактабгача таълим ташкилоти ва овулимиз аҳолиси баҳраманд бўлмоқда. Инсон кимгадир нафи тегаётганини ҳис қилса, ғайратига ғайрат, шижоатига шижоат қўшиларкан. Овулимиз одамлари меҳрибон ва соддадил. Улардан куч оламан, болалар кулгусидан шодланаман. Ҳаётимда рўй бераётган ўзгаришлардан шукроналик ҳиссини туяман. Ҳаракат ва мақсад бор жойда ривожланиш бўларкан. Буни ўз мисолимда келтираман. Оддийгина қишлоқ аёлидан тадбиркорга айланганим менинг бахтим. Юртимизда тадбиркорлик соҳаси йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Бу борада озми кўпми ҳиссамиз қўшилаётганидан мамнунман, албатта, -дейди Дилноз Абдуллаева фаолияти хусусида тўхталиб.
Бахт калити меҳнатда дейилганидек, Дилноз Абдуллаева “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли” номинацияси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 1 ўринни эгаллаб Тошкентда бўлиб ўтган якуний босқичда муносиб иштирок этди. Меҳнатлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, 2019 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани Дилнозни мақсадлари сари олға ундади. Дилноз эндиликда буюк мақсадлар ортидан дадил қадам ташлашга шайланаётир,десак муболаға бўлмайди.
Оддий овулнинг самимий инсонлари уни бу йўлда қўллаб-қувватлашига астойдил ишонган аёлнинг ниятлари улуғ.
Фотима АБДУРАИМОВА.