МУВАФФАҚИЯТ ФОРМУЛАСИ


Қилични илк бор ушлаб кўрганимда “Бу спорт тури — меники!” деганман. Ўшанда залга синглимни олиб борардим. Мураббий Сардор Назаримбетовдан бир оз иккиланиш билан “Мен ҳам қилични ушлаб кўрсам бўладими?” деб сўраганман. Ўшанда 13 яшар қиз эдим. Бу спорт ҳақида аввал унчалик билмаганман, фақат телевизорда кўрганман.

Олти йилдан буён қиличбозлик сир-асрорларини ўрганаман. Рақибларим бир-биридан фарқ қилади. Услублари ҳам ҳар хил. Беллашув пайтида уларнинг заиф томонини илғаб олишга интиламан, баҳсларини диққат билан кузатаман ва мураббийим Мартин Камажиев сабоқларидан хулоса чиқаришга ҳаракат қиламан. Бироз муддат шамшир бўйича маш­ҳур устоз Владимир Назлимовдан сабоқ олдим. Айни пайтда италиялик таниқли мураббий Дижи Тарантино билан ишлаяпман.

Дастлабки муваффақиятни 2022 йилда қўлга киритдим. Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ёшлар ўртасидаги яккалик беллашувларида чемпион бўлдим. Ўшанда омадим келган, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жамоавий мусобақаларда ҳам биттадан олтин ва кумуш медалга сазовор бўлгандим.

Ҳар сафар шоҳсупага кўтарилганимда, мустақил Ўзбекистонимиз номи янграганда таърифлаб бўлмайдиган ажиб бир ҳиссиёт чулғаб олади мени.

Қаерда бўлсам ҳам юртимни бир дақиқага эсимдан чиқармайман. Ота-онам, оилам бағрига талпинаман. Дўстларим, овулдошларим билан дийдор кўришишни истайман. Улар мендан қандай қилиб чемпион бўлиш мумкинлигини сўрайди. Бунинг формуласи оддий. Кўнглингга ёққан ишни танлаб ол ва эринмасдан шуни ўрганавер, дейман.

Яна бир қувончли воқеа — “Қорақалпоқфильм” киностудияси фаолиятим асосида “Қилич парвози” фильмини суратга олди. Спортда эришаётган муваффақиятларим тенгдошларимга ибрат бўлади, деган умиддаман.

Гоҳида “ҳали 17 ёшли қизча бўлсам, Ватаним учун нималар қилдим?” деб ўйлаб қоламан. Хитой, Италия, Москва, БАА, Болгария, Германия сингари кўплаб давлатларда олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлари нималарга қодир эканини намоён этганимдан бахтиёрман.

Ўтган йил якуни бўйича менга “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” номинацияси берилди. Бу эътироф катта масъулият юклайди. Янада катта ютуқларни қўлга киритишга рағбат уйғотади.

Гулистон ПАРДАБОЕВА,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси.