Таълим-тарбия ва маънавият устувор масаладир


Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан маънавий-маърифий соҳаларда тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йил 22 декабрь куни Президент Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида жуда кўплаб мақсад ва устувор вазифалар илгари сурилди.

Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак!  Шу мақсадда, Сурхондарё вилоятида билдирилган таклиф асосида ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиши маълум қилинди. Бу, албатта, ўз навбатида маънавият соҳасига қаратилаётган жуда катта куч ва эътиборнинг ёрқин мисолидир.

Йиғилишда ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши адолатдан бўлиши таъкидланди. Шу мақсадда миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади. Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлар пул мукофоти билан тақдирланиши ҳамда олийгоҳларга ўзбек тили филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланди. Бу янгилик халқимиз томонидан ўзбек тилига қаратилган эътиборнинг юксак намунаси сифатида кутиб олинди.

Шу билан бирга таржимонликдек масъулиятли меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун улуғ шоир ва таржимон Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш таклиф этилди. Ҳудудлардаги болалар кутубхоналари босқичма-босқич болажонларимизнинг севимли масканига айлантирилиши таъкидланди.

Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда аҳоли ва ёшларимизни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш учун Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, зиёлилар, нуронийлар, ҳаж ва умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши кераклиги жуда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз.

Бўлиб ўтган Кенгаш йиғилишида масъулларга яна бир муҳим вазифа топширилди. “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида мамлакатимизда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, бу орқали ёшларга юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида кенг маълумот бериш, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат ҳиссини янада кучайтириш, тарбиясига салбий таъсир этувчи ғоявий таҳдидларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, ёшларни илм-фанга, маърифатга тарғиб қилиш баробарида маърифатли жамият қуриш, Янги Ўзбекистонни барпо этишда дахлдорлик ҳиссини кучайтириш кераклиги таъкидланди. Ушбу топшириқлардан келиб чиқиб жорий йилнинг 3 январь санасидан бошлаб бутун республикамиз бўйлаб “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Маҳаллада дув-дув гап” маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ташкил қилинмоқда. Жумладан,  Тўрткўл туманидаги 49 та маҳалла ва овулларда ушбу эзгу ғоя остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Уларда Жўқорғи Кенгес, туман Кенгаши депутатлари ҳам фаол иштирок этиб ўз сайловчиларига бугунги ислоҳотлар айниқса Президентимиз томонидан  Қорақалпоғистон Республикасига қаратилаётган эътибор, ҳудудни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарор ва фармонларнинг аҳамияти хусусида содда ва тушунарли маълумотлар бермоқдалар.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан ҳатто мамлакатнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларга зид миллий қадриятларимизга муносабатлар илгари сурилиб, жумладан,  диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаш  ҳолатлари пайдо бўлмоқда. Бундай вазиятда жамиятда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтириш, ва  огоҳликни ошириш лозим.

Албатта, маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар ёшларимизнинг кенг дунёқарашга эга бўлишлари учун замин яратади ва биз зиёлилар маърифат йўлида ­Президентимизга қўшқанот бўлмоғимиз лозим.

Ж.Сеттиев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.

Г.Назарова,

Тўрткўл тумани ҳокими маслаҳатчиси.