ОРОЛ ИНҚИРОЗИ: БОШ МАҚСАДИМИЗ – АТРОФ МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИНГ ИЛМИЙ АСОСЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ


Бугунги кунда кўплаб глобал муаммолар инсоният жамиятининг барқарор ривожланишига жиддий таҳдид солмоқда. Жумладан, экологик мувозанатнинг бузилиши, биосфера ҳолати, унинг яхлитлигини таъминлаш, атроф-муҳит сифатининг ёмонлашуви каби ҳолатларни таъкидлаш мумкин.

Мамлакатимизда Оролбўйи атрофидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг қамровли ва муҳим тадбирлар олиб борилаётгани барчамизни қувонтиради.

Ушбу сиёсатнинг асосий мақсади минтақадаги глобал муаммолардан бири бўлган Орол денгизи минтақасида яшовчи аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш хисобланиб, бу йўналишда Орол денгизи инқирозидан сўнг юзага келган экологик вазиятни юмшатиш билан боғлиқ қонунлар, фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Мазкур йўналишда Орол минтақасида қурғоқчиликнинг давом этишига чек қўйиш, яъни денгиз сатҳидан заҳарли чанг­ларнинг ҳавога кўтарилишини тўхтатиш мақсадида Оролнинг сувдан қуриб қолган ҳудудлари ўрмонзорга айлантирилди.

Ўтган йилнинг 22-24 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида тузилманинг Сув масалалари бўйича ўтказилган конференциясида Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг етакчилиги хусусида сўз юритди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибрайим Юсуповнинг элегиясидан бир парча (қорақалпоқ тилида) ўқиб берди.

Таўлар шөгип, жерге кирмеген шығар,

Жулдызлар ҳәм бирден сөнбеген шығар.

Дүнья ҳеш ўақта-да көрмеген шығар:

Бир майданда теңиз қурып қалғанын.

Шеърда денгизнинг кўз очиб юмгунча саҳрога айланиши фожиаси тасвирланган. Қорақалпоғистонда ҳамон денгизни эслаб, одамни ёд олиб йиғлаган каби фарёд чекадилар. Сувга мўл денгиз фақат Нукус музейида осилган рассомларнинг ярқираб, жилваланиб, ҳаёт ва эркинлик бахш этувчи расмларида қолган. У қуриб битгандагина одамлар унинг қадрига етди. Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ, ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда. Мамлакатимиз Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, дея таъкидлаган эди Саида Мирзиёева.

Оролбўйи минтақасини муҳофаза қилиш Конституция даражасида мустаҳкамланганлиги халқимизни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, минтақанинг ривожланиши учун барча шароитлар яратилишини кафолатлайди.

Президентимиз саъй-ҳаракати билан бугун Мўйноқнинг янги қиёфаси яратилди, Мўйноққа янги руҳ, жон бағишланди.

Жумладан, Мўйноқ ҳудуди, Орол денгизининг қуриган тубида ҳам илмий инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий қилиш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари  белгилаб берган устувор вазифаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти жамоаси томонидан истиқболли илмий изланишлар  олиб борилмоқда.

Институтимизнинг бош мақсади ва миссияси ҳам – бу атроф муҳитни муҳофаза қилиш, минтақанинг экологик муаммоларини бартараф этиш, республикамизнинг табиий, энергетика, минерал хом ашё ва ўсимлик ресурсларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш бўйича истиқболли фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, илмий кадрларни тайёрлаш, фан-таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, минтақанинг ривожланиши учун аҳамиятли бўлган халқаро лойиҳаларда иштирок қилиш ҳисобланади.

Илмий адабиётларда барқарор ривожланишни таъминлашнинг фалсафий, табиий-илмий ва ҳуқуқий ёндашувлари ажратиб кўрсатилади.

Бизнинг илмий фаолиятимиз атроф муҳитни муҳофаза этиш, барқарор ривожланишни табиий-илмий ёндашув негизида таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ.

Ҳозирги кунда институтимиз олимлари томонидан Оролбўйи атрофидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва экологик муаммоларни ечиш бўйича самарали илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бу тадқиқотлар натижасида олимларимиз Орол денгизи ва Оролбўйи табиий ҳудудлари биологик режими ўзгаришларини кўрсатувчи жуда кўп ва турли-туман, ноёб материалларни тўплади.

Институтимизда 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари «Жанубий Оролбўйи биологик ресурсларини сақлаш ва самарали фойдаланиш муаммолари» мавзусида IX-халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилинди. Конференцияни ўтказишдан мақсад – мавжуд экологик муаммоларни ҳал қилишга тегишли мутахассисларни, олимларни ва аҳолининг кенг қатламини жалб қилишдир. Мазкур конференцияда биологик ресурсларнинг долзарб муаммолари; тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш; биология ва экология соҳаларида таълим бериш муаммоларига бағишланган масалаларга доир олимлар томонидан маърузалар тингланди ва тегишли амалий хулосалар олинди. Анжуманда мамлакатимиз ва чет давлатлар етакчи илмий муассасаларининг, олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳамда ёш олимлар, докторантлар, тадқиқотчи-изланувчилар қатнашди.

Жанубий Оролбўйи табиий муҳитининг ҳозирги ҳолатини ўз чиқишларида тасвирлаб беришди. Ердан фойдаланишда табиат муҳофазасига эътибор қаратган ҳолда бошқариш муаммолари муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси туманларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши концепцияси ва бошқа масалалар кўриб чиқилди ва ҳудуднинг табиий муҳити аҳволини яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди.

2023 йил август ойида институтимиз олимлари Туркиянинг Эгей университетининг “Атроф-муҳитни узлуксиз мониторинг қилиш учун биологик тест моделлари” тренингида иштирок қилди.

Нуфузли олимлар, дунёнинг турли мамлакатларидан келган вакиллар тупроқ қатламининг бугунги ҳолати, экологик ва экотоксикологик тадқиқотларни ривожлантириш, мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида янгича фикр ва мулоҳазалар билан тажриба алмашди.

Институтимизда Қорақалпоғистон Республикасини барқарор ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш мақсадида минтақада содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни математик моделлаштириш ва прогнозлаш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмокда.  Жумладан, «Экологик жараёнларни моделлаштириш» лабораторияси ходимлари тамонидан, Орол денгизининг қуриган тубидан тузларнинг тарқалиши, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши муаммоларини моделлаштириш натижаларига кўра, бу муаммоларни юмшатишнинг амалда ягона чораси Орол денгизининг қуриган тубини ва сувни фитомелиорация қилиш деган хулосага келинди. Ушбу жараён чўл ҳудудлари шу билан бирга, чорва молларини озуқа билан таъминлаш муаммосини ҳам ҳал қилади.

Институтимизнинг таянч докторанти С.Рустамова “Қорақалпоғистон шароитида оқава сувлардаги микроскопик ва юксак сув ўсимликларини кўпайтириш ва уларни қишлоқ хўжалигида қўллаш” тижоратлаштириш лойиҳаси бўйича тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

ЎзР ФА Қорақалпоқ  табиий фанлар илмий тадқиқот институти Геология лабораториясида яратилган Нукус шаҳри ер ости сувлари ва ер ости сувигача жойлашган грунтларининг шўрланиш хариталари Республика қурилиш объектларини лойиҳалашда қўлланилади. Хариталар бино ва иншоотларни Нукус шаҳри шўр грунтларда ишончли ва тез лойиҳалашга имконият яратади. Шу жумладан хариталар Нукус шаҳрининг коллектор дренаж тизимини реконструкциялаш ва янги дренаж тизимларини ­лойиҳалашда фойдаланилади. Нукус шаҳрининг шўрланиш харитаси шаҳарни кўкаламзорлаштириш тизимини яратишга ёрдам беради.

ЎзР ФА Қорақалпоқ  табиий фанлар илмий тадқиқот институти Кимё лабораториясида Орол денгизи Артемия цистаси таркибидаги оқсилли ва пептидли моддалар бўйича маълумотлар олинди, хитиннинг кимёвий ажралишининг оптимал шароитлари аниқланди ва унинг асосида хитозан ҳамда унинг ацилли ҳосилаларини синтез қилиш технологияси ишлаб чиқилди. Ширинмия ўсимлигининг биокимёси ҳамда уни етиштириш технологияси бўйича тадқиқотлар олиб борилди, асосий биологик фаол моддалар (БАВ) ажратиб олиш технологиялари ишлаб чиқилмоқда.

Қорақалпоқ  табиий фанлар илмий тадқиқот институти “Ўсимликлар экологияси” лабораториясида ўрганилганида ўсимликларнинг 21 тури Қорақалпоғистоннинг йўқолиб кетган сув ўсимликлари, 48 тури Устюрт ўсимликлари туркумига мансублиги исботланган. Ёввойи ўсувчи ўсимлик ресурслари биокаркас сифатида фойдаланилиши (фитомелиоратив ва қумни мустаҳкамловчи) ва ем-хашак мақсадларида ўрганилган.

Институтнинг “Ҳайвонотлар экологияси” лабораторияси ходимлар ва докторантлар томонидан Жанубий Оролбўйи ботқоқли ҳудудларида 15 туркум, 37 оилага мансуб қушларнинг 138 тури аниқланди; шундан 43 тури гидрофил, 58 тури кўчиб юрувчи ва уяли, 26 тури қишлаш, 21 тури ўтроқ, 33 тури кўчиб юрувчи турлар ҳисобланади. Жанубий Оролбўйи учун қайд этилган 65 турдаги сут эмизувчилардан 41 тури Жанубий Устюртда, шу жумладан кемирувчиларнинг 28 тури, йиртқичларнинг 12 тури ва туёқлиларнинг 3 тури аниқланган. Тадқиқот натижалари бўйича, Междуречье сув омборида 17 тур балиқ, Шарқий Қоратерен кўлида 11 тур балиқ, Сайкуль кўлида 10, Ачикул кўлида 6 тур балиқлар яшаши аниқланди.

Таълим – фан – ишлаб чиқариш интеграцияси доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хулоса ўрнида айтиш керак, Орол денгизининг қуриши ва бошқа экологик инқрозлар инсоният олдида турган энг йирик глобал муаммодир. Бу инсониятдан табиатни ҳурмат қилиш, табиат билан гуманистик муносабатда бўлишни талаб қилади.

Эътиборлиси, бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда. Қилинаётган амалий ишлар Мўйноқ ва бутун Оролбўйи ҳудудида яшовчи миллионлаган халқнинг турмуш шароитининг яхшиланаётгани мисолида намоён бўлмоқда. Албатта, бу борадаги ишларни янада самарали бўлиши учун биз олимлар ҳам муносиб ҳисса қўшиб илмий изланишларимизни изчил давом қилдирамиз.

Светлана Мамбетуллаева,

ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти директори, биология фанлари доктори, профессор.