САБЗИДАН ҚОРА ЧОЙ Чимбойлик қиз муваффақиятининг сири


Чимбойлик ҳунарманд Қундуз Қурбоновани бугун Қорақалпоғистонда муваффақиятли тадбиркор сифатида яхши танишади. У ўтган йили жунни қайта ишлайдиган дастгоҳ олиб келиб, ишга туширди.

— Дастлаб фаолиятимни қора уй жиҳозлари ва миллий либослар тайёрлаш билан бошлагандим. Кейинчалик чимбойлик ҳунармандларни бирлаштириб, “Ҳунарманд” маркази ташкил этишга эришдим. Бу ерда 108 ҳунарманд 11 турдаги фаолият билан шуғулланмоқда, — дейди Қундуз Қурбонова. — Бундан ташқари, чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатишни ҳам йўлга қўйганмиз. Марказимизга ташриф буюрган меҳмонлар ҳунармандчилик маҳсулотлари қандай тайёрланишини кузатиб боради. Шунинг­дек, қорақалпоқ миллий таомларини таътиб кўради. Ҳудудимиздаги тарихий манзилгоҳларга саёҳат уюштирилади.

Ҳар бир манзилнинг ери ва ҳавоси, умуман, шароити тубдан фарқ қилади. Таомлари мазаси ҳам хилма-хил. Масалан, маҳаллий аҳоли сутдан фойдаланиб, тайёрланадиган қора чойнинг ўзгача таъмини табиий ўт-ўланлар билан боғлайди.

— Ўтган йил хорижлик журналистлар қорақалпоқ қовунлари бўйича туманимиздаги “Қамис ариқ” овул фуқаролар йиғинидан кўрсатув тайёрлашди, — сўзини давом эттиради тадбиркор. — Улар олдига ўзимизда етиштирилган 4 хил қовунни қўйдим. Қовунлар таъмини татиб кўриб, бири-биридан ширин эканини эътироф этди. Ҳақиқатан, бизда етиштириладиган қовунлар жуда мазали. Қадимдан ота-боболаримиз қовун қоқини ширинлик сифатида тановул қилган. Шунингдек, қиров еган жийдани қобиғидан ажратиб олиб, келида туйиб, ундан шакар ўрнида фойдаланган.

Мен ҳунармандлар сулоласининг еттинчи авлоди ҳисобланаман. Боболаримиз қора уй ясаган бўлса, момоларимиз миллий таомлар тайёрлаб, карвонларни меҳмон қилган.

Ҳунарим орқасидан дунё кездим. Хитой ва Германияда ўз кўргазмаларимни ташкил этдим. Буларнинг барчасини миллийлигимизга қаратилаётган эътибор натижаси, деб биламан.

Айни пайтда ҳунарманд Қундуз Қурбонова Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги сайёҳлик фирмалари билан шартнома тузиб, хорижлик меҳмонларни Оролбўйига бошлаб келмоқда. Изланувчан қаҳрамонимиз сабзидан қора чой тайёрлашни йўлга қўймоқчи экан. Аслида, қорақалпоқликларда бу усулда чой тайёрлаш азалдан бўлган. Қундуз эса деярли унут бўлаётган ушбу анъанани тиклашни ўз олдига мақсад қилган. У ёш бўлишига қарамасдан бугун 100 дан ортиқ ёшни касб-ҳунарли, ишли қилди. Бу биргина навқирон авлод вакилининг қилган ишлари. Тадбиркорликка қизиқиб, ўзларида ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириб бораётган ёшларнинг эртаси порлоқ бўлишини ҳозирдан тасаввур қилса бўлади.

Минажатдин

ҚУТЛИМУРАТОВ.