ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ТОМОНИДАН МАЪЛУМОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ЖАРАЁНЛАРИ ЯНАДА СОДДАЛАШТИРИЛМОҚДА


2023 йил 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини соддалаштириш орқали бизнесга маъмурий юкни камайтириш мақсадида 2024 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ шу кунгача тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиниб келинган, ўзаро бир-бирини такрорловчи ва давлат органларининг бошқа органлардан олиш имконияти мавжуд бўлган 8 турдаги ҳисобот ва статистик маълумотлар 2024 йилдан бошлаб бекор қилинди.

Давлат органлари ва ташкилотлари тадбиркорлик субъектлари томонидан топшириладиган ҳисобот турларини ҳамда улардаги маълумотларни қўйидагилар орқали мақбуллаштириш чораларини кўриб боради:

-давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида рақамли ҳукумат тизими доирасида маълумотлар алмашишни кенгайтириш;

-соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали маълумотларнинг автоматик тарзда ­шаклланишини йўлга қўйиш.

Давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 сентябрга қадар Статистика агентлигига ҳисобот турларини мақбуллаштириш бўйича таклифларни киритиб боради. Статистика агентлиги ҳар йили 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган таклифлар асосида ҳисобот турларини мақбуллаштириш чораларини кўради.

Қарор билан тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистик маълумотларнинг ягона рўйхати тасдиқланди. Ягона рўйхатга киритилмаган ҳисоботларни тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш тақиқланди. Ҳисоботлар фақат ахборот тизимлари орқали электрон кўринишда тақдим этилади, ҳисоботларни қоғоз шаклида топшириш тартиби бекор қилинди.

Қарорда Рақамли технологиялар ­вазирлигига Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Статистика агентлиги ва Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2026 йил 1 январга қадар «тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети» ­орқали ҳисоботларни шакллантириш ва давлат органларига тақдим этишни ­назарда тутувчи Ягона ҳисоботлар тизимини жорий қилиш топшириғи берилди.

Азат Ибраймов,

Нукус шаҳар статистика

бўлими бошлиғи.