Жойларда “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Маҳаллада дув-дув гап” маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, ана шундай тадбир Мўйноқ туманида, таълим соҳаси фахрийси Бегдулла Султанов, география фанлари доктори, Қорақалпоқ давлат университети профессори Пўлат Реймов, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Тиркешбой Байжанов ҳамда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримовлар иштирокида ўтказилди.
Тадбирда Б.Султанов Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган 10 январдаги Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишнинг мазмун моҳияти хусусида, П.Реймов мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати, ёш авлоднинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, К.Каримов Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида илгари сурилган, мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаёти билан боғлиқ янги истиқболли ташаббусларнинг аҳамияти хусусида маъруза қилдилар.
Шундан сўнг иштирокчилар, яъни тумандаги умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича ўринбосарлари Мўйноқдаги бунёдкорлик ишлари, юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканлигини таъкидлашди.
Шу каби тадбир Қўнғирот туманида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди. Унда “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасидаги ислоҳотлар самараси ва жорий “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилиши назарда тутилаётган вазифалар юзасидан атрофлича фикр юритилди.
Фотима Абдураимова.