ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ ҚИРҚ САККИЗИНЧИ СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ


Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, сектор ва соҳа раҳбарлари,оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев очди ва бош­қариб борди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессия кун тартибидаги дастлабки масала Қорақалпоғистон Республикасида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирининг ҳисоботи бўлиб, мазкур масала юзасидан вазир М.Қурбанов маъруза қилди.

Маърузачи таъкидлаганидек, давлат тиббий суғуртаси — бу давлат бюджети ҳисобидан кафолатланган тиббий ёрдам билан аҳолининг барча қатламларини қамраб оладиган, профилактика, скрининг ва патранаж хизматлари устуворлигини таъминлайдиган тизим ҳисобланади. Ушбу тизим натижасида соғлиқни сақлаш соҳасида молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий қилинади. Бунда шифохоналарда ҳар бир даволанувчининг аҳволи бўйича кафолатли тиббий пакетга киритилган хизматларга Суғурта фонди томонидан маблағ ажратилади ва бошқа бир қанча чоралар амалга оширилади. Бунинг натижасида халқимизга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати оширилади,ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга эришилади.

Кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан депутатлар тегишли қарор қабул қилди.

Шундан сўнг фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Прокурорининг биринчи ўринбосари Ерполат Қайипбергенов маъруза қилди ва депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг  фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонининг ижроси тўғрисидаги масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаева маъруза қилди. Депутатлар ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси томонидан 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масала юзасидан Бош бошқарма раиси А.Тилеўмуратов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, банкларнинг барқарор ресурс базасини мустаҳкамлаш чоралари натижасида 2024 йил 1 январь ҳолатига аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги депозитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан  26,8 фоизга кўпайди. Банкларнинг ресурс базаси таркибида узоқ муддатли ва барқарор ички депозит ва омонатларнинг улуши йилдан йилга ортиб бормоқда. 2023 йил январь-декабрь ойларида тижорат банкларнинг кредит омонатларининг умумий ҳажми йил бошига таққослаганда 22,1 фоизга ортди. Тижорат банклар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик  субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича 2023 йилда ажратилган кредитлар ҳажми 2022 йилга солиштирганда 1,2 фоизга ошди. Президентимизнинг фармон ва қарорлари асосида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида 53 минг 186 жисмоний ва юридик шахсларга жами 829,6 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилди. Савол-жавоблардан кейин ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзод тавсия этиш тўғрисида бўлиб, комиссия аъзолигига Халмухаммед Палваниязовнинг номзоди кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолигига  Х.Палваниязовнинг номзоди депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва бу бўйича қарор қабул қилинди.

Сессия кун тартибида шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала бўйича ҳам қарор қабул қилинди.

Шунинг  билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ саккизинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон  хабар агентлиги.