2018 йил 26 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, уюшмалар, корхона, муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Таъкидланганидек, якунланаётган йил ўзининг тарихий воқеалари, иқтисодиётни ривожлантириш, турмушимизнинг барча соҳаларидаги ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар билан ажралиб туради. Бунда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, одамларни ҳаётдан рози қилиш борасидаги бунёдкорлик ишлари, аниқ мақсад ҳамда вазифаларни ўзида жамлаган фармон, қарор ва дастурлар алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.
Якунланаётган йилга назар ташлар эканмиз, Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган юксак эътибори ва ғамхўрлиги натижасида халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган бир қатор йирик корхоналар фойдаланишга топширилганига гувоҳ бўламиз.
Хусусан, яқиндагина Қораўзак туманида жами 200 миллиард сўм бўлган «Титан цемент» МЧЖ қўшма корхонаси ишга туширилгани, Тахиатош туманида 20,4 миллиард сўмлик металл-конструкция ишлаб чиқариладиган завод фойдаланишга топширилгани, Элликқалъа туманида 80,4 миллиард сўмлик «Бўстон мега текстил» корхонаси иш бошлагани, Кегайли туманида қиймати 31,5 миллиард сўмлик целлюлоза ишлаб чиқарадиган «Кегайли қоғоз», 30,8 миллиард сўмлик бўян илдизини қайта ишловчи «Ланко мия» корхоналари ишга тушгани, Нукус шаҳрида қиймати 33,5 миллиард сўмлик тиббий буюмлар ишлаб чиқариладиган «Нукус Мед Тех» корхонаси ишга туширилганлиги иқтисодиётимизни янада мустаҳкамлаш баробарида халқимизнинг турмуш шароити яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга Қонликўл туманида 312 миллиард сўмлик «Kanteks invest» тўқимачилик корхонаси янгидан қурилиб, Тўрткўл туманида қиймати 44,5 миллиард сўмлик тиббий шиша буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, Нукус шаҳрида ярим автомат кир ювиш машиналари ва хизмат кўрсатиш техникалари, иситиш ўчоқлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз томонидан яратиб берилган имкониятлар натижасида жорий йилда қўшимча даромад ҳисобидан бугунги кунга 288,5 миллиард сўм маблағ кўп йиллардан бери эътиборсиз қолган ижтимоий соҳа объектларида йирик ва жорий таъмирлаш ишларига, 64,5 миллиард сўм «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, 12 миллиард сўм тиббий жиҳозлар сотиб олиш, 25,5 миллиард сўм Нукус ҳарбий горнизонидаги бир қатор биноларни реконструкциялаш ва 22,6 миллиард сўм «Қорақалпоғистон» шаҳарча фуқаролар йиғинида реконструкция ва ободонлаштириш ишлари учун сарфланди.
Шу билан бирга, жорий йилда инвестиция ва инфраструктура объектларида қурилиш ҳамда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун 518 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жумладан, ижтимоий соҳа объектларида бугунги кунда 314 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифини халқимиз катта хурсандчилик билан қарши олди. Ташриф давомида респубикамизни янада ривожлантириш, халқимизнинг бахтли ва фаровон турмушини таъминлаш борасидаги бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг «Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асосан шу-Мўйноқ халқи, уларнинг сабр-тоқати, ватанпарварлиги ва меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак», «Маданият Мўйноқдан бошланади» деган сўзларини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Ўтган қисқа вақт ичида Мўйноқ улкан бунёдкорлик майдонига айланиб, янги турар жойлар, ижтимоий-маданий объектлар, ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасида Орол муаммосига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратгани, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондининг ташкил этилгани халқимиз турмушидаги тарихий воқеалардан бири бўлди.
Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган мажлис баённомаси билан 2019-2020 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича жами 11 триллион 283 миллиард сўмлик 793 лойиҳанинг манзилли дастури тасдиқланди. Бундан ташқари, Нукус шаҳрида «Дўстлик» канали қошида замонавий «Нукус сити» маркази ва Нукус шаҳрида янги транспорт логистикасини ташкил этиш, Осиё ривожланиш банки иштирокида Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукус туманларида ичимлик суви билан таъминлаш тизимини қуриш ва реконструкциялаш, шунингдек «Оролбўйи минтақасини ривожлантириш» жамғармаси маблағлари ҳисобига 2019 йилда ичимлик суви муаммоси бўлган туманларга қўшимча 28 миллиард сўм маблағ ажратиш, Нукус шаҳрида 3 олий ўқув юрти филиалини очиш, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалига 75, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига 25 абитуриентни қўшимча квота асосида қабул қилиш вазифалари белгиланиб, уларнинг бажарилганини бугун ҳаётимиз мисолида кўришимиз мумкин.
Президентимиз Мўйноқ тумани халқи учун барча қулайликларни яратиб бериш, Орол денгизи атрофидаги экологик аҳволни яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Шу асосда бугунги кунда туман билан «Қозоқдарё» шаҳарчаси орасидаги 45 километрлик йўл қурилиши олиб борилмоқда. Уни фойдаланишга топшириш орқали Мўйноқ тумани билан «Қозоқдарё» шаҳарчаси орасидаги йўл 260 километрга қисқариши кутилмоқда.
Шу билан бирга, 2019-2021 йилларда 500 минг гектар майдонга чўлга чидамли ўсимликларни экиш вазифаси белгилаб олинди. Бугунги кунда саксовул экиш ишлари бошлаб юборилиб, маҳаллий бюджетдан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бунинг учун 15 минг гектар майдон экишга тайёрланиб, шундан 7 минг гектарига саксовул экилди. Унинг уруғини тўплашда 600, экиш ишларида 500 дан кўп ишчи, 150 та техника, жумладан вилоятлардан қўшимча техникалар қатнашмоқда.
Президентимиз томонидан Орол муаммосининг дунё жамоатчилигига етказилгани, ҳудуд халқи учун барча имкониятлар яратиб берилгани, донор давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан кўп миқдорда маблағ ажратилгани барчамизга алоҳида масъулият юклайди. Чунки, Орол муаммоси таъсирини юмшатиш, денгиз ҳавзасига чўлга чидамли кўчатларни экиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Шунинг учун, депутатлар фуқаролар йиғинлари оқсоқолларини, ёшларимизни, барча халқимизни ушбу хайрли ишга улуш қўшишга чақириш мақсадида Жўқорғи Кенгеснинг Мурожаатини эълон қилиш масаласини кўриб чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикасининг 2019 йилги Бюджети параметрлари тўғрисида республика Молия вазири М.Содиқов маъруза қилди. Бу бўйича Жўқорғи Кенгес депутати, Элликқалъа тумани ҳокими С.Авезов сўзга чиқди ва депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Кун тартибидаги «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатларини чақириб олиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тўғрисида Жўқорғи Кенгес қўмита раиси С.Турманов маъруза қилди. Бу масала бўйича 26-сонли «Шоббоз» сайлов округидан депутат Х.Ешимбетов чиқиб гапирди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда шунингдек, «Меҳнат муҳофазаси тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Конуни (янги таҳрирда) лойиҳаси тўғрисидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгес қўмита раиси Д.Қурбаниязов маъруза қилди. Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси У.Жалменов кўриб чиқилаётган Қонуннинг аҳамиятига тўхтаб ўтди. Депутатлар бу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.
Кун тартибидаги «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим Қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тўғрисида Жўқорғи Кенгес қўмита раиси С.Турманов маъруза қилди. Бу масала бўйича 10-сонли «Бердақ» сайлов округидан депутат Р.Қаландарова сўзга чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Ж.Уснатдинованинг ҳисоботи тингланди. Бу бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Шундан сўнг Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини қонун ҳужжатлари, халқаро меҳнат стандартлари ва ҳукумат қарорларига мувофиқ таъминлашда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири У.Сабуровнинг ҳисоботи тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари И.Юнусов маъруза қилди. Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича суди раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ, Гулнара Базарбаева Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича суди раиси этиб тайинланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Республика Жиноят ишлари бўйича суди раиси Гулнара Базарбаева сўзга чиқиб, депутатлар ишончи учун миннатдорлик билдирди ва бундай масъулиятли вазифани бажаришда ўзининг куч-ғайратини, билимини, тажрибасини сарфлашини таъкидлади.
Сессияда Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўртинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари А.Каримов қатнашди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.