Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Хуросон дав-латининг пойтахти — ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳри-нинг Боғи Давлатхона мавзесида туғилди.
Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкина Темурийлар салтанатининг содиқ мулозимларидан, бир муддат Сабзавор шаҳрининг ҳокими вазифасида ишлаган, онаси ҳам шу хонадон хизматидаги аёллардан – шаҳзодаларни тарбиялайдиган энагалардан бири эди. Навоийнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзади:
Отам бу остоннинг хокбези,
Онам ҳам бу саро бўстон канизи.
Алишер тўрт-беш ёшларида мактабга боради. Олти ёшга тўлганида (1447 йили) Хуросон подшоси Шоҳрух Мирзо вафот этиб, Ҳиротда тож-тахт учун кураш авж олади. Шаҳар аҳли нотинчликлардан қочиб, ён-атрофдаги ҳудудларга кўчади. Ғиёсиддин Кичкина оиласи Ироқнинг Тафт шаҳрига келиб яшай бошлайди.
Бу шаҳарда Алишер машҳур тарихчи, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини мухтасар ёритган асар — “Зафарнома” китобининг муаллифи Шарафиддин Али Яздий билан учрашди. Тасодифий учрашув чоғида буюк олим ёш Алишернинг зийраклигига, ақлу фаросатига қойил қолди. Бу суҳбат юз берганда бўлғуси шоир Қуръонни “Таборак” (“Мулк” сурасининг иккинчи номи) сурасигача ўқиган эди. Қуръони карим ўттиз жуз, яъни порадан иборат. “Таборак” сураси билан эса йигирма тўққизинчи жуз бошланади. Демак, Алишер олти ёшида Қуръоннинг йигирма саккиз порасини ўқиб туширган.
Кўп ўтмай, 1457 йили Абулқосим Бобур вафот этди. Абулқосим Бобур вафотидан кейин Навоий учун ҳаётнинг мураккаб, бироқ мустақил курашлар даври бошланди. У Машҳадда илм таҳсили билан машғул бўлиб, кўп дўстлар орттирди. Шеърлари, билимдонлиги билан эл аро танилди. Машҳаддаги машҳур кишилардан шайх Камол Турбатий билан танишувига ҳам ёш Алишернинг шеъри, илмда зукколиги сабаб бўлди. Навоий Машҳадда саккиз йил яшади. Мусофирликнинг бу йиллари Алишер учун чинакам таҳсилу мутолаалар даври бўлди.
1464 йили шоир яна она шаҳри Ҳиротга қайтди. Бу шаҳар ҳамон Темурийлар салтанатининг йирик маданий марказларидан бири бўлиб, олиму фозиллар кўп эди. Навоий она шаҳрида ижод қилиб, обрў қозонишга умид боғлади. Бироқ 1459 йили ҳокимиятни эгаллаган Абусаид Мирзо (Мироншоҳ Мирзо авлодларидан, Бобурнинг бобоси) ўз пойтахтини Самарқанддан Ҳиротга кўчирганди. Абусаид Мирзо Соҳибқирон Амир Темурдан кейин Самарқанд ва Ҳирот тахтини бирлаштира олган, тажрибали, қатъий ва шафқатсиз давлатбоши эди.
Навоий Ҳиротда илму маърифат аҳли билан тиғиз алоқалар ўрнатди. Тасаввуф оламининг йирик шайхларидан Абдураҳмон Жомий билан ҳам шу йилларда танишди. Бироқ подшоҳнинг рўйхушлик бермагани охир-оқибат Алишерни тағин Хуросонни тарк этишга мажбур қилди. Таҳсилини чуқурлаштириш, илм ўрганиш мақсадида салтанатнинг бош шаҳри Самарқандга жўнатилди. Навоий 1466 йили Самарқандга келди. Асосий сабаб шоир ва шоҳ ўртасидаги нохуш муносабатлар эканини Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”да келтирган “Билмон, не жарима била Султон Абусаид Мирзо Ҳиридин ихрож қилди” қайди ҳам тасдиқлайди. Лекин бу расмий сургун эмас эди.
Навоий шахсий даромадлари ҳисобидан кўплаб иморатлар қурдирди. Улар орасида мадрасалар, хонақоҳлар, масжидлар, шифохоналар, мақбаралар, кўприклар, тўғонлар, ҳаммомлар бор. Ҳиротдаги “Низомия”, “Ихлосия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” табибхонаси, Марв, яъни ҳозирги Туркманистоннинг Мари шаҳридаги “Хусравия” мадрасаси Навоий қурдирган энг машҳур меъморий ёдгорликлар ҳисобланади. Алишер Навоий ҳақидаги манбаларда шоир ўзи қурдирган мадраса, шифохоналарни керакли жиҳозлар билан жиҳозлатган, фаолият бошлаган биноларни мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаган.
Шоир куч-қувватга тўлган айни ўттиз беш ёшида, яъни 1476 йили вазирлик лавозимидан ҳам истеъфо берди. Бироқ у мансабдан воз кечган бўлса ҳам, Султон Ҳусайн саройининг энг нуфузли кишиларидан бири бўлиб қолаверди.
Буюкларга ҳеч қачон осон бўлмаган. Навоийнинг халқ орасидаги обрў-эътибори ҳам, шоҳ олдидаги мавқеи ҳам айрим кимсаларни хурсанд қилмас эди. Шоирнинг ашаддий душманларидан бири Мажидиддин Муҳаммад бўлиб, Султон Ҳусайн Мирзо тахтни эгаллаганидан кейин уни парвоначи лавозимига тайинлади. Мудом адолатга зид ишларни амалга оширганини, халқдан зўрлик билан тўпланган маблағни айш-ишратга сарфлаганини улуғ мутафаккир подшоҳга тушунтириб, Мажидиддинни лавозимидан четлаттирган эди. Бу улар ўртасидаги келишмовчиликни янада кучайтирди.
Султон Ҳусайн хазинасида молиявий танглик юзага келган маҳалда Мажидиддин яна йўлини қилиб, шоҳнинг пинжига кириб олди. У Султон Ҳусайнга: “Ҳуқуқ беринг, мен оз фурсатда халқдан йиғиб келай ўша маблағни”, деди. Шундай қилди ҳам. Шу баҳона у шоҳнинг ишончини қозониб, яна вазирлик лавозимини эгаллаш ҳаракатига тушди. Бу мақсадига етиши учун эса, қандай қилиб бўлмасин, Навоийни Ҳиротдан узоқлаштириши зарур эди. Бунинг ҳам йўли топилди. Султон Ҳусайн Мирзо Навоийни Хуросон давлатининг ғарбий чегараларида жойлашган узоқ Астрободга ҳоким қилиб тайинлади.
Навоий ҳаётининг сўнгги 15 йили ниҳоятда қизғин ижод даври бўлди. Меросининг каттагина қисмини айнан шу — 45 ёшдан кейин яратди. Биринчидан, шоир давлат ва жамият ишларидан бир қадар фориғ бўлди. Иккинчидан, унинг асарлари яратилиши кетма-кетлигига назар ташлайдиган бўлсак, муаллиф шошилиб, улгуриб қолишга интилиб ишлагани маълум бўлади. “Хамса”дан кейин шоир “Зубдат ут-таворих” асарини ёзди.
1488 йили Навоийнинг устози Саййид Ҳасан Ардашер вафот этди. Бу пайтда ҳам шоир Ҳиротдан йироқда эди. Орадан икки йил ўтганидан кейин, яъни 1490 йили у “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарини битиб, бу ажойиб инсоннинг фазилатларини бағоят меҳр билан баён этди.
1492 йили Навоийнинг бошига яна бир оғир мусибат тушди. Пири ва устози Абдураҳмон Жомий вафот этди. Навоий устози учун соҳиби аза бўлди. Жомийнинг йил ошида замонасининг машҳур воизи Ҳусайн Воиз Кошифий Навоийнинг пири ва устозига бағишлаб битган машҳур марсиясини Султон Ҳусайн ҳузурида қироат билан ўқиб турди. Устози вафотидан икки йил ўтиб, яъни 1494 йили Навоий пири ҳақида “Хамсат ул-мутаҳаййирн” (“Беш ҳайрат”) асарини битди.
Алишер Навоий 1501 йил 3 январь куни Ҳиротда вафот этди.
Алишер Навоий яратган ўлмас асарлар туганмас маънавий мулк сифатида абадий қолди. Ўзбек халқи бу бой мерос билан ҳақли равишда дунёдаги буюк адабиёт яратган миллатлар қаторидан жой олди. Туркий оламда ундан олдин ҳам, кейин ҳам бундай буюк соҳиби қалам чиққани йўқ. Олимларнинг таҳлилий маълумотига кўра, Пушкин ўз асарларида 21минг 197 та бетакрор сўз ишлатган, Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес 18 мингтага яқин, Алишер Навоий эса туркийдаги ўз асарларида 26 минг 35 та сўз ишлатган.
Мана, бу йил дунё аҳлига маърифат улашган буюк аллома ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги кенг тарзда нишонланмоқда. Асрлар-у даврлар оша Алишер Навоий жаҳон адабиётининг даҳо шоири сифатида эътироф этилаверади.
Жонибек Сеттиев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.