Мамлактимизда сўнгги йилларда барча жабҳада бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ва шу асосда соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада яхшилаш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгилангани билан 2018 йил тиббиёт ходимлари учун ўзига хос янгиликларга бой йил бўлди.
Президентимизнинг мазкур қарорига кўра, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар босқичма-босқич оширилмоқда. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилиши ҳам соҳа вакилларига нисбатан кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.
Бундан ташқари, тиббиёт ходимларининг меҳнати самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. Шифокорларга 2 ставкада ишлаш ва нафақаларини тўлиқ олишга рухсат берилди.
2018 йил менинг иш фолиятимда ҳам самарали йил бўлди. Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши шифокори” кўрик-танлови доирасида “Йилнинг энг яхши профессори” номинация бўйича 1-ўринга муносиб кўрилиб, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган байрам тантанасида соҳанинг фидойи ходимлари қаторида иштирок этдим ҳамда диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландим.
Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан соғлиқни сақлаш тизимига, тиббиёт ходимларига катта эътибор қаратилиб, масъулияти ҳам оширилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Тиббиёт ходимлари саломатлик посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”.
Шу боис биз тиббиёт ходимлари кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга муносиб равишда халқимиз саломатлигининг чинакам посбонлари бўлмоғимиз лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Кириб келган 2019 йил — «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» халқимизга муборак бўлсин!
Мэлс Қабулов,
Тиббиёт фанлари доктори, профессор, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби.