Сифатсиз маҳсулотлар фош этилди


Божхона органлари томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашиш, товар-моддий бойликларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича тадбирлар тизимли асосда ташкил этилган.

Жорий йилнинг 1 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан 648-сонли “Бейнеу-Нукус” йўналишидаги йўловчи ташувчи ­поезднинг 8-сонли вагони божхона назоратидан ўтказилди. Натижада вагон кузатувчисига тегишли сумкада озиқ-овқат маҳсулотлари остига яширилган, ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган ва сифати кафолатланмаган “H2 Premium” номли 394 қутида жами 15 минг 760 дона биологик фаол қўшимча борлиги фош этилди. ­Дастлабки сўровга кўра ушбу капсулаларнинг умумий қиймати 441 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.