Халқ қабулхонаси: 2023 йил сарҳисоби


Маълумки, Халқ қабулхонасининг асосий вазифалари: аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, шунингдек мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизими амал қилишини таъминлаш, фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратишдир.

Шунингдек, Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис, ўз вақтида кўриб чиқилиши, аниқланган муаммоларнинг ҳал этилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган, тегишлилиги бўйича давлат органларига юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш вазифалари белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Нукус шаҳридаги Халқ қабулхонасига 2023 йил давомида 1015 та жисмоний ва юридик шахслардан 1194 та масала келиб тушган. Ушбу масалалардан 326 таси юқори ташкилотларга 868 та масала ҳудуддаги ташкилотларга юборилган. Шундан 417 та масала (46.9 %) ижобий ҳал этилган.

Халқ қабулхонаси томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузган, шунингдек мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорлар ижросини таъминламаган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича киритилган 37 та таклифга асосан давлат органлари ва ташкилотларнинг 6 нафар ходимига нисбатан огоҳлантириш, 13 нафар ходимга хайфсан, 6 нафар ходимга маъмурий жавобгарлик ва 2 нафарига лавозимидан озод этиш чоралари кўрилди.

Бундан ташқари Халқ қабулхоналарига ҳар чоракда секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ахборот киритиш вазифаси белгиланган. Шунга асосан  Халқ қабулхонаси томонидан Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашига 4 та ахборот киритилиши натижасида тегишли ташкилотларнинг ҳисоботлари эшитилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-31-сонли қарорининг 19 бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг натижадорлигини ўрганиш, ўрганиш натижаларини халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш белгилаб берилган. Шунга асосан Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашига 14 та ахборот киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 ноябрь кунги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-252-сон фармони билан, Халқ қабулхоналари ходимларига мурожаатларда кўрсатилган масала, муаммо ва важларни ҳар томонлама текшириш ва самарали ҳал қилиш юзасидан мурожаатларни кўриб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларга кўрсатмалар бериш ҳуқуқ ва ваколати берилган. Халқ қабулхоналарига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига, бундан ташқари, жойлардаги сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатлар доимий равишда таҳлил қилиниб борилмоқда. Натижада тегишли ташкилотларга 19 та кўрсатмалар киритилиб шундан 15 та кўрсатма талаби бажарилган, қолган 4 таси кўриб чиқиш жараёнида.

Халқ қабулхонаси томонидан 7 та давлат идораларида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва масъул ходимларга нисбатан чора кўриш бўйича тегишли тақдимнома ва кўрсатмалар киритилди ҳамда мурожаатлар билан ишлаш бўйича семинарлар ташкиллаштирилди.

Бундан ташқари мурожаатларда кўрсатилган муаммолар бўйича 12 та маҳаллаларда, 102 та мурожаатни ва 45 та мурожаат юзасидан кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорларнинг ижросини жойларга чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 2023 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан  58996 масалада мурожаатлар келиб тушган, шундан 15 635 таси (27%) Нукус шаҳрига тўғри келади. Ушбу 15635  масаланинг ҳозирги кунда 15 366 таси кўриб чиқилган бўлиб, шундан 5471 таси (35%) ижобий ҳал қилинган.

Келиб тушган масалаларнинг асосан 728 таси яшаш шароитларини яхшилаш, уй-жойни таъмирлаш ва қуриш учун ёрдам, 556 таси бир марталик моддий ёрдам, 526 таси даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам (мамлакат ичида), 502 таси алимент ундириш, 458 таси 18 ёшгача болалар нафақаси, 401 таси мутахассислиги бўйича ишга кириш масалаларига тўғри келади.

Халқ қабулхоналарининг вазифаларидан яна бири бу ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш, сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ҳисобланади.

Шунга асосан Нукус шаҳри сектор раҳбарилари билан келишилган ҳолда сайёр оммавий қабуллар режаси тасдиқланган бўлиб жойларда қабуллар ташкиллаштирилмоқда.

2023 йилда 291 та сайёр қабуллар ташкиллартирилиб, қабуллар давомида 2089 та масалада мурожаатлар келиб тушган, ушбу масалаларнинг 1007 таси (48%) ижобий ҳал қилинган.

Хулоса қилиб айтганда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда самарали натижаларга эришилмоқда.

Т.Асанов,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Нукус шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири.