Ўзбекистон касаба уюшмалари Қорақалпоғистон Кенгашида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан тармоқ касаба уюшма қўмиталари раислари иштирокида касаба уюшмаларида иш юритиш, жамоа шартномалари мазмун-аҳамияти, меҳнат қонунчилиги ва иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси, касаба уюшма бюджетидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалалари юзасидан ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда мазкур кенгаш мутахассисларидан Қ.Мирзабаев, Д.Уразбаев, П.Абдиязов, Е.Қурбановлар сўзга чиқиб, жамоа шартномаларини тузишнинг янги таҳрири, ижтимоий шериклик, тармоқ келишувлари борасидаги масалалар хусусида йиғилганларга батафсил тушунчалар беришди.
–Ўқув-семинар шахсан мен учун маҳорат мактаби бўлди дея айта оламан. Боиси ҳали тушуниб етмаган жиҳатларим кўп экан ва албатта, юқорида келтирилган кўрсатмалар келгуси иш жараёнимда менга ас қотишига ишонаман. Бу ерда яна ўзаро мулоқотга киришиб завқ олдик шунингдек, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоблар ҳам олдик, – дейди Шўманой тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмита раиси Б.Мауленов.
Семинарни ўтказишдан мақсад ҳам соҳа фаолиятига оид ҳужжатларни юритишда учраётган камчиликларни аниқлаш, жойида амалий ёрдам кўрсатиш, таклиф ва тавсияларни ўрганиш ҳамда ходимларнинг билимини янада оширишга кўмаклашишдан иборат.
Лиза БАЙБОСИНОВА,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси.