Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Экологик маданиятни ошириш ва экологик тарбия жараёнида хотин-қизларнинг ўрнини кучайтириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасида партия аъзолари сони 47 минг нафардан ошган. Шулардан 24 минг 789 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 12 нафар депутатидан 2 нафари, шаҳар ва туман Кенгашларининг 40 нафар депутатидан 10 нафари хотин-қизлардан иборат.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида хотин-қизларнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, жамиятдаги экологик фаолликни кучайтиришда хотин-қизларнинг ўрни беқиёс. Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад жойларда экологик муаммоларни бартараф этишга биргаликда жамоатчилик эътиборини қаратиш, оилада экологик маданиятни шакллантириш, санитар-гигиена меъёрларига амал қилиш, сувни тежаш, ўсиб келаётган ёш авлодни табиатга меҳрли этиб тарбиялашдан иборат.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва унинг доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси” белгиланди.
Қ.Х.А.