Илмий марказ филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди


Нукус шаҳридаги Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоҳистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб,соҳа ходимларини янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан табриклади ва Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли бундай тиббий марказ Ўзбекистон кўламида биринчи бўлиб Қорақалпо­ғистонда бўй тиклаганини таъкидлаб ўтди.

Юртимизда барча соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш тизимида ҳам янгилинишлар юз бермоқда. Соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, белгиланган вазифалар кенг кўламли ишларга мус­таҳкам асос бўлиб хизмат этмоқда. Ана шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида Республика тез тиббий ёрдам маркази филиали янги бинонинг фойдаланишга топширилишини таъкидлаш ўринли.

61 миллиард сўм маблағ ҳисобига 4 қаватли қилиб қуриб битказилган янги марказ филиали замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва зурур жиҳозлар билан таъминланди. Натижада шу кунгача Тошкент шаҳрида  ўтказилиб келинган айрим мураккаб операцияларни  шу ернинг ўзида амалга ошириш имконияти яратилди.Филиал 130 ўринга мўлжалланган бўлиб, бундан ташқари, қўшимча 50 ўрин ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, бу ерда чет давлатларнинг тажрибали шифокорлари билан биргаликда айрим мураккаб операцияларни сунъий интеллект ёрдамида амалга ошириш, улар иштирокида ­соғлиқни сақлаш соҳасининг сўнгги ютуқлари бўйича маҳорат дарсларини ўтказиш, ўз навбатида маҳаллий тиббиёт ходимларини хорижий давлатларга тажриба алмашишга юбориш кутилмоқда.

Тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган шароитлар билан танишишди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.