Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Кембридж халқаро эксперти Стив Кинг билан учрашди. Учрашувда таълим соҳасига инновацион янгиланишларни, умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнига халқаро даражада тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш, таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ва бошқа муҳим масалалар юзасидан мулоқот олиб борилди.
Аввало, Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор алоҳида таъкидланди. Шунингдек, республикамизда давлат умумий ўрта таълим мактабларида халқаро Кембридж ўқув дастурини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Нукус шаҳридаги 46-сонли мактаб республикамиздаги энг намунали ўқув даргоҳларидан бири бўлиб, ўқувчиларга сифатли таълим беришда алоҳида ўринга эга бўлиб келган. Бироқ, баъзи сабабларга кўра кўрсаткичлар бироз пасайиб, таълим бериш даражасини ислоҳ қилиш талаб этилмоқда. Шу мақсадда республикамизда биринчи марта 46-сонли умумий ўрта таълим мактабида халқаро тан олинган Кембридж ўқув дастури асосида ўқиш жараёнини янги ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.Умарова видеоалоқа орқали қатнашди.
Таълим сифатини ривожлантириш, бу борада келгусида режага киритилган ишлар кўламини янада кенгайтириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим эканлиги таъкидланди.