Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев раислигида Беруний туманида тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва янги лойиҳаларни ишга туширишда учраётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф қилиш бўйича тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда инвестициявий лойиҳаларни ишга тушириш, локализациялаштириш дастурига киритилган ва экспортёр корхоналарга амалий ёрдамлар кўрсатиш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туманлари ҳокимлари, масъул вазирлик, корхона раҳбарлари, 200 яқин тадбиркорлар қатнашди.
Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, улар учун барча қулай шароитларни яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Фақатгина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар бу борадаги тадбирлар кўламини янги босқичга кўтармоқда. Айрим соҳа масъулларининг ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараши ва яна бошқа сабабларга кўра учраётган муаммолар ечими бўйича фикр алмашилди. Ҳар қандай инвестициявий, ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар Президентимиз томонидан доимо қўллаб-қувватланиши таъкидлаб ўтилди.
Учрашув давомида бугунги кунда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар тингланди ва улар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Вақт талаб қилинадиган мурожаатлар назоратга олиниб,ижобий ҳал қилиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топширмалар берилди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.