СУВДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ
таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласига айланмоқда
Кейинги йилларда бутун дунёда сув танқислиги кузатиляпти. Бу минтақамизда ҳам тобора кескинлашиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача сув ресурслари Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Aмударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Шу боис ҳам мамлакатимизда сувдан оқилона ва тажамкорлик билан фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни кейинги йилларда такомиллаштирилиб, бир қатор қонуности ҳужжатларининг қабул қилинаётгани натижасида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланилишга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 июндаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 500-сонли қарорига асосан “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Хусусан, ўта муҳим гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, ишончли ишлашини ҳамда қўриқланишини назорат қилиш, шунингдек, ер усти сувлари объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишини назорат қилишдан иборатдир.
Шунингдек, мазкур Фармон билан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан самарали фойдаланилиши бўйича ўтказиладиган текширувларни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказмасдан амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан жойларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан доимий назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Масалан, ўтган вегетация даврида ўтказилган назорат тадбирлари давомида Тўрткўл туманидаги “Ханкали Рашид Қудрат” фермер хўжалиги 51 минг м3, “Солиқ Фарзанд” 60,5 минг м3, Беруний туманидаги “Шоббозли Аслиддин” 50,5 минг м3,“Жасур Адамбаев” 50,5 минг м3, Элликқалъа туманидаги “Бердибай Жуманиёзов” 28,8 минг м3, Амударё туманидаги “Нажматдинов Камоладдин” 40,8 минг м3 сув ресурсларидан рухсатсиз, ўзбошимчалик билан фойдаланганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низомининг 60-бандига асосан жарима санкция ҳисобланди ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида юқорида қайд этилган Қонун ва Президент фармони ҳамда қарорларининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида семинарлар ўтказилиб келинмоқда.
Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган “сув – текин” тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида яна қатор янги тартиблар жорий этилганини таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Мазкур қарор билан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланди. Бу борада сув истеъмолчиларига сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига камайтирувчи коэффициент қўлланилиши ҳам белгиланмоқда.
Хулоса қилиб, айтганда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш сувни тежаш, унинг ортиқча исроф бўлишига йўл қўймаслик таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласига айланмоқда. Шундай экан барча сув истеъмолчилари сув ресурсларидан фойдаланишга оид тартиб қоидаларга бўйсунган ҳолда сувдан оқилона фойдаланиши лозим.
Р.Узаков,
“Сувхўжаликназорат” инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи.