Бугун дунёда сув танқислиги оқибатларидан азият чекаётган минтақа ва давлатлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Афсуски, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. 2050 йилгача сув ресурслари Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Aмударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши ҳисоб-китоб қилингани муаммо қанчалик жиддийлигини англатади. Шу боис, мамлакатимизда сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида Қорақалпоғистонда 267,7 километр канални бетонлаш ва реконструкция қилиш белгиланган. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда Хўжайли туманидаги Ширинжап каналида бош пудратчи “Бунёдкор Жанубий СҚБ” МЧЖ томонидан тупроқ-бетонлаш ишлари бажарилмоқда.
— Канал суғориш мавсумигача бетонланади, — дейди Хўжайли тумани ирригация бўлими бошлиғи Эркин Холмуротов. — Очиғи, ушбу канал 1993 йилда фойдаланишга топширилган бўлса-да, ўтган давр мобайнида айтарли ҳеч иш қилинмаган. Оқибатда канал туби лойқа босиб, қирғоқлари емирилиб, сув ўтказиш қобилияти пасайиб, фойдали иш коэффициенти ҳам 65 фоизгача тушиб кетганди. Бу эса ушбу канал орқали фермер ерлари ва аҳоли томорқаларини кафолатли сув билан таъминлашда муаммоларни юзага келтираётган эди. Канал Суенли магистрал каналидан сув олиб, Хўжайли туманидаги “Мустақиллик”, “Саришунгул” ва “Амударё” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудига етказиб беради.
Таъмирлаш ишлари якунлангач, йилига ўртача 1,5 миллион куб метр сув иқтисод қилиниб, 23 та фермер хўжалигининг 1670 гектар ери кафолатли сув билан таъминланади.
Сув тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бораётган ҳозирги шароитда барчани сувни исроф қилмасликка, обиҳаётни тежашга даъват қилиш керак. Қорақалпоғистон учун бу, айниқса, жуда муҳим.
Бу ишлар доирасида Хўжайлидаги Ташлижап канали ҳам бетонланиши белгиланган. Каналнинг лойиҳадаги сув ўтказувчанлиги секундига 5 куб метрни ташкил қилган. Ҳозир эса у секундига 2,5 куб метр сув ўтказа олади, холос.
— Шу боис, каналнинг 3 километрида тупроқ ишлари якунланиб, бетонлашга киришилди, — дейди “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” давлат корхонаси мутахассиси Сирожиддин Реимбоев. — Реконструкциядан кейин каналнинг фойдали иш коэффициенти 80-82 фоизга, сув ўтказувчанлиги аввалги ҳолига қайтади. Ҳудуддаги 35 та фермер хўжалиги ва аҳолининг 2300 гектардан ортиқ томорқаси ана шу ишлар якунига қараб турибди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда суғориладиган ер майдони 517 минг гектарни ташкил қилади. Уларга 20 минг километр узунликдаги каналлар орқали сув етказилади.
Кегейли туманида ҳам сувдан самарали фойдаланиш мақсадида ички ариқлар бетонланмоқда. Ўтган йиллар давомида экин майдонлари учун ажратилган сувнинг 40 фоизи ер остига сингиб кетиши аниқланган. Туманда жами 60 километр ариқни бетонлаш режалаштирилган бўлса, айни пайтгача 12 километрида шундай юмушлар бажарилди.
Қишлоқ хўжалигида ерни лазер ёрдамида текислаш суғоришда 25 фоизгача сувни иқтисод қилади. Таҳлиллар, ўрганишлар хулосаси шундай. Демак, фермерлар жараёнда замонавий услублардан қанчалик унумли фойдаланса, сув муаммосига шунчалик кам дуч келади. Шу боис, Кегейли туманида жорий йил ҳосили учун 397 гектар пахта майдони лазерли ускуналар ёрдамида текисланади.
Қорақалпоғистонлик деҳқону сувчилар соҳада электр энергиясидан самарали фойдаланиш вақт ва маблағ жиҳатдан анчагина самара беришини яхши тушуниб, бунга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Зеро, бу шароит тақозо этаётган иш тутуми.
М.ҚУТЛИМУРАТОВ.