Мамлакатимизда Учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратадиган, Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни дунёнинг энг илғор тараққий этган давлатлари қаторидан жой олиб, инсон манфаатлари улуғланган халқчил давлат бўлиши учун хизмат қиладиган келажак эгаларининг таълим-тарбияси бугунги устоз-педагогларнинг самарали фаолиятига боғлиқ.
Сўнгги йилларда таълим соҳасига қаратилаётган давлат даражасидаги эътибор, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замири ҳар томонлама маънавий етук авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
«Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» асосида соҳада кўп йиллардан буён тўпланиб қолган муаммолар ўз ечимини топиб, илм-фан ҳамда таълим ўзининг янги ривожланиш босқичига кўтарилмоқда.
Айниқса, Президентимиз томонидан 2024 йил 1 февраль куни қабул қилинган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мамлакатимизда маърифатпарвар-зиёлилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан кўпдан буён улкан умидлар билан кутилаётган тарихий ҳужжат бўлди.
Қонун асосида мамлакатимизда таълим муассасаларида фаолият олиб борадиган педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва улар фаолиятининг асосий кафолатлари белгиланди.
Жами 21 моддадан иборат бўлган Қонуннинг 3-моддаси «Педагогнинг мақоми» деб номланиб, унда Ўзбекистон Республикасида педагогнинг мақоми тан олиниши, уларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши, ижтимоий ҳимояси таъминланиши ва ҳуқуқлари амалга оширилиши учун кафолатлар берилиши белгиланди. Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Ушбу Қонунда «Педагог ким?» деган саволга аниқлик киритилиб, «Таълим ташкилотида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи ҳамда тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган жисмоний шахс педагогдир», – деб кўрсатиб ўтилган.
Дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, уларда ҳам педагогларнинг фаолияти ва ҳуқуқлари қонуний тарзда ҳимоя қилинишини кўриш мумкин.
Шу жумладан, АҚШ, Канада, Германия, Италия, Португалия, Дания каби мамлакатларда ўқитувчилар давлат ходимлари ҳисобланади.
Олдимизга қўйган олий мақсадлардан келиб чиқиб қабул қилинган мазкур қонун нафақат педагоглар, шу билан бирга, халқимиз ҳаёти учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Шу ўринда яқин тарихимиздаги аччиқ бир ҳақиқат: бундан 7 йилча олдин жуда кам миқдордаги иш ҳақи билан диққат-эътибордан четда қолиб кетган юқори салоҳиятли устозлар турмуш ташвишлари, оила боқиш муаммолари билан бошқа соҳаларга ўтгани, ҳатто чет элларга мигрант сифатида кетганлари ҳам кам эмасди. Энг ёмони, мактаб битирувчилари орасида ўқитувчиликка бўлган қизиқиш ҳам кескин пасайиб кетди. Ёшлар катта даромадли соҳалар билан шуғилланиб, таълимга бўлган эътибор аянчли ҳолга келиб қолди.
Айтишимиз лозим, куз келса пахта теримига, баҳор келса ободонлаштириш ишларига, халқ орасида кўчама-кўча юриб мониторинг, ҳисоб-китоб ишларига жалб қилинадиган – умуман айтганда, мажбурий меҳнатдан энг кўп жабр чекаётган соҳага айланган эди. Бунинг оқибатида мамлакатимизда таълим сифати кескин тушиб кетди, таълимда тажрибали педагог кадрларга эҳтиёж юзага келди.
Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан бундай салбий ҳолатларга чек қўйилди. Таълим соҳаси кадрлари фақат ўзининг белгиланган вазифалари билан шуғилланадиган, келажак авлодлар таълим-тарбияси учун хизмат қиладиган муҳим бўғинга айлантирилди.
Бу эса, «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қуйидагича муҳрлаб қўйилди:
– педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз равишда текшириш, педагог томонидан таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш, шунингдек унга ўз хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиш;
– педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш;
– педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги тўғрисидаги маълумотларни, битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш;
– педагогни ишга жойлаштирилмаган, таълим билан қамраб олинмаган ва профилактика ҳисобида турган вояга етмаганлар ҳисобини юритиш ҳамда уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш ишларига жалб этиш;
– педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш қатъиян тақиқланди.
Педагогни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш, шунингдек, педагогнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, Қонундан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, этика қоидалари, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, педагогларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш каби масалалар ҳам ўрин олди.
Бугун дунёда тез суръатлар билан ривожланиб бораётган глобаллашув жараёнида педагогларнинг мақомини тиклаш, қадр-қиммати ва шаънини улуғлаш – мамлакатимиз келажагига бўлган олий даражадаги эътибор намунаси сифатида қадрлаймиз. Чунки, биз Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига кириш учун юксак даражадаги тарихий ишларни амалга оширишимиз зарур. Биз бу мақсадимизга эришиш учун аввало, Ватанпарвар, илм-маърифатли, ҳар томонлама билимли, креатив фикрлайдиган, дунё ёшлари билан рақобатлаша оладиган баркамол авлодни тарбиялашимиз лозим.
Бундай олий мақсадга етишимиз учун ҳамда Президентимиз, қолаверса, бугун халқимиз кутаётган бундай ёшларни тарбиялаш учун эса, албатта, уларга сифатли таълим берадиган педагог кадрларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, уларга зарур шарт-шароитлар яратишимиз шарт. Муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса, ушбу масалага ҳуқуқий асос бўлди.
Албатта, мазкур Қонун асосида педагогларга юклатилган масъулият, вазифалар асосида ёшларни, бўлажак мутахассисларни Ўзбекистон тараққиётининг янги даври талаблари негизида ғоявий тарбиялаш, ҳар томонлама рақобатбардош кадрлар сифатида уларни мустақил касбий ҳаётга тайёрлаш – таълим-тарбия муассасаларининг барча бўғинларида фаолият кўрсатувчи ўқитувчи, устоз ва мураббийларнинг фаолиятига боғлиқдир.
Хулоса ўрнида таъкидлашимиз лозимки, дунёда ҳар томонлама глобаллашув авж олаётган бугунги замонда давлатимиз томонидан илм аҳлига, ўқитувчиларга, устоз ва мураббийларга – умуман педагогларга қаратилган юксак даражадаги эътибор ва ғамхўрлик – ишонамизки, албатта ўз мевасини беради! Қолаверса, мазкур тарихий ҳужжат мамлакатимизнинг эзгу ниятлар билан бошлаётган III Ренессанс пойдеворини яратишда дастурил амал бўлиб хизмат қилиши, сўзсиздир.
Қувондиқ Қодиров,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори в.в.б.