Ёшларни келажакка тайёрлаётган маскан


Бобур Ражабов Нукус шаҳри ёшлар марказидаги “Бизнес” клубга аъзо бўлиб келганида тадбиркорлик тўғрисида унчалик яхши тасаввур ва тушунчаси йўқ эди. Клубда икки ой мобайнида бизнес-режа, бизнес-ғоя, банк кредитлари, маркетинг, солиқ ва реклама тўғрисида дастлабки маълумотларга эга бўлди.

Орадан бирмунча вақт ўтмай, Бобур ўзининг “RBJ” компаниясига асос солди. Чет давлатлардан саноат асбоб-ускуналари олиб келишни йўлга қўйди. Шунингдек, “Берекетли нан” бренди остида нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. У нафақат маҳаллий бозорга, ҳатто Россия ва Қозоғистонга ҳам ушбу бренд остида ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда. Энг муҳими, тадбиркор 30 кишини иш билан таъминлади.

— “Бизнес” клубимиз 2020 йилда ўз фаолиятини бошлаганди. Тадбиркорларга бизнесга оид дастлабки кўникмаларни ўргатиш билан бирга, ишбилармонлар иштирокида маҳорат сабоқлари ҳам ташкиллаштиряпмиз, — дейди “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали бошлиғи Гавҳар Режепова. — Ҳар бир курсимизга 30 нафаргача ёшлар қабул қилинади ва тадбиркорликнинг барча сир-синоатлари ўргатилади. Тадбиркорларимиз маҳорат дарсларини ўз тажрибалари асосида ўтади.

Бугунга қадар 200 дан ортиқ битирувчимиз ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. Масалан, “Саўкеле” бренди билан миллий либослар ишлаб чиқараётган дизайнер қизимиз Дилназ Адилчаевани чет давлатларда ҳам яхши танишади. Ишбилармонлик билан шуғулланмоқчи бўлган клуб битирувчиларига имтиёзли кредитлар, субсидия ва лойиҳаларни амалга оширишда кўмак ҳам берилади.

Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази” 2016 йили фойдаланишга топширилган. Мазкур марказда ёшларнинг қизиқишларини орттириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли тўгараклар ташкил этилган. Жумладан, “Ёшлар замонавий рақси”, “Робототехника”, “IT марказ”, “Немис тили”, “Бизнес клуб” ва “Шахмат” тўгараклари қорақалпоғистонлик ёшларни кенг қамраб олмоқда.

Мазкур бинода фаолият кўрсатаётган “SIRIUS IT Akademy” марказидаги машғулотларда қатнашдик.

— Компьютер саводхонлиги, SMM, мобилография, робототехника, график дизайн йўналишлари бўйича курслар ташкил қилганмиз, — дейди марказ менежери Алпамис Адилбеков. — Курсларимизда қатнашувчилар сони чегараланган. Аммо қизиқувчилар кўп.

Халқимизда “Тил билган эл билади” деган нақл бор. Наргиза Шаниязова шу нақлга амал қилиб, “Ёшлар маркази”даги “Немис тили” тўгарагида 9 ойдан буён сабоқ олади. У хорижий тилни мукаммал эгаллагач, Германияда ишлашни режалаштирмоқда.

— Тўгарагимизда 9 та гуруҳ мавжуд бўлиб, жами 100 га яқин ўқувчи немис тилини ўрганаётир. Асосан, жамоат саломатлик техникумларида ҳамширалик иши йўналишида таълим олаётган ёшлар жалб қилинган, — дейди тўгарак раҳбари Айнура Есназарова. — Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, Ўзбекистондан Германияга ёшлар ишга таклиф этилмоқда. Талаба ҳамшираларимиз немис тилини ўрганиб, ушбу давлатда ўз касби бўйича ишлашни мақсад қилган.

Замон талабига мос марказ фаолияти билан яқиндан танишар экансиз, “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди”, деб беихтиёр ҳавас қилганингизни сезмай қоласиз. Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасидаги тўгаракларга ташриф буюрувчи ёшлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса яратилган шароитлардан навқирон авлод вакиллари қониқиш ҳосил қилаётганидан далолат. Марказ ҳақиқий ёшлар масканига айланган, десак муболаға бўлмайди.

М.ҚУТЛИМУРАТОВ,

(“Янги Ўзбекистон”

газетасидан олинди).