ИБРАТ МАКТАБИ


Ҳар бир халқнинг, миллатнинг шаънини, шуҳратини дунёга танитувчи буюк инсонлари бўладики, улар йиллар ўтса ҳам ўша халқнинг фахрига айланиб бораверади. Шу маънода ўзбек адабиётининг бутун тарихи ҳам Алишер Навоий  ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғланган.

Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига бебаҳо таъсир кўрсатган улуғ зот Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон оша чегара билмаслиги ҳақида доимо фахрланиб сўз юритамиз.

Навоий – сўз мулкининг султони. Демак, у она тилимиз заргари, маънавиятимиз юлдузи, маданиятимизнинг ёрқин тимсолидир.

Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қайси бир асарини, қай бир рубоийисини ўқисак унинг мазмун-моҳияти бизни ўзига тортмай қолмайди.

Бундай сатрларнинг мағзини чақиб, ёшларимизнинг қалбини забт эта олсак, албатта бугунги ёш авлод ҳам боболаримизга издош бўлади.

Мана шундай улуғ мақсадларни кўзлаган ҳолда туманимизда 9-сонли мактабда Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги кенг нишонланди.

Тадбирда ёшларимиз нафақат буюк боболаримиз қиёфасини яратди балки Навоий ва Бобур рубоийларини моҳирлик билан ижро этдилар. Уларнинг авлодларга қолдирган тенгсиз адабий мерослари иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

Демак бу, ўқувчиларимизнинг маънавий бойлиги кундан-кунга ортаётгани, онги ва қалби яхшиликлар томон илдиз отиб бораётганидан далолатдир.

Мана шундай тадбирлар ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида она-Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини уйғотиш, миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини шакл­лантиришда аҳамиятлидир.

Сарсенгул САЙИМОВА,

Қораўзак туманидаги 9-сонли

умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.