Маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев мазкур лавозимда фаолиятини бошлагач нуронийлар, олимлар, маҳалла раислари, “Кўча бийлари”, ёшлар ва барча соҳа вакиллари билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқотлар ўтказишни анъанага айлантирган эди. Эътиборлиси, ана шу мулоқотларда ҳудудлар ва соҳалардаги мавжуд муаммолар кенг муҳокама этилиб, берилган топшириқлар асосида уларни бартараф қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шундай учрашувларнинг бирида, яъни зиёлилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижодкорлар иштирокидаги очиқ мулоқотда “Қорақалпоғистон” теле ва радио каналларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, “Қорақалпоғистон” радиоканалини алоҳида тўлқинда тарқатиш ва эфир вақтини узайтириш масалалари ҳам муҳокама этилган эди.
2024 йил 5 февралдан бошлаб, юқорида келтирилган мулоқотда берилган топшириқлар ва амалий ишлар натижасида “Қорақалпоғистон” радиоканали алоҳида тўлқинда ва 24 соат давомида эфирга узатила бошланди.
Шу кун нафақат бизнинг жамоамиз, балки халқимиз учун ҳам тарихий кун бўлди, — дейди Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси директори Қуўандық Бекбаўлиев. – Негаки, ўзимиз учун алоҳида тўлқинга эга бўла олмаганимиз ижодий ва техник ходимларимиз билан бирга тингловчиларимизга ҳам ноқулайлик туғдираётгани ҳақида кўп бора тингловчиларимиз эътироз билдиришар эди.
Мана кейинги йилларда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратаётган эътибори натижасида бошқа соҳалар қатори “Қорақалпоғистон” теле ва радио каналларимизнинг моддий техник базаси янада мустаҳкамланишига замин яратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг кўрсатмаси билан «Қорақалпоғистон» радиоканалининг эфирга узатилишини яхшилаш мақсадида 661 млн сўм маблағ ажратилиб, Нукус радиотелестанциясига RT-FMS-2001 маркали 2,0 кВт қувватликка эга аналог радиоузаткич ўрнатилгани фикримизнинг ёрқин иботидир. Бунинг натижасида радиоканалимиз эндиликда 24 соат давомида эфирга узатиладиган бўлди. Яратилаётган имкониятлар учун жамоамиз ва радиотингловчилар, бутун халқимиз номидан Республика раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз.
Шу ўринда “Қорақалпоғистон” радиоси тарихи ҳқида қисқача тўхталиб ўтсак. “Қорақалпоғистон” радиоси фаолиятини ташкил қилиш бўйича 1931 йил 17 декабрда ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, 1932 йил ноябрда Тўрткўл шаҳрида эфирга узатила бошланган. 1935 йилга келиб радиоэшиттиришлари ҳажми кунига 3 соатга етказилган. Бу даврда овул ва қишлоқлар ҳаёти, аҳоли турмуш тарзида учраётган муаммолар ва долзарб масалалар эшиттиришларнинг асосий мазмунини ташкил этган. Шунингдек, миллий қўшиқ ва ашулалар, концерт дастурлари эфирга берилган.
1940 йилларда “Қорақалпоғистон” радиоси Нукус шаҳрига кўчирилди. Бугунги кунда ахборотни етказишдаги тезкорлиги ва қулайлиги билан кенг аудиторияни ўзига жалб қилиб келаётган радиоканал энг қийин вақтларда ҳам халқимизга муҳим хабарларни етказиб, дилкаш куй қўшиқларни эфирда узатиб ўксик кўнгилларга малҳам бўлган. Хусусан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Қорақалпоғистонда истиқомат қилаётган аҳоли ҳар кунги янгиликлар ва хабарларни радио орқали эшитиб бориш имкониятларига эга бўлган. Урушдан кейинги тикланиш йилларида Қорақалпоғистон радиоканали ижодкорлари Чоржўй – Қўнғирот – Бейнау темир йўли, Тахиатош ГРЭС, гидроузел ва яна кўплаб йирик қурилишлардан лавҳалар, радиоочерклар, махсус эшиттиришлар тайёрлаб, тингловчилар эътиборига ҳавола этдилар.
Мустақилликнинг дастлабки даврларидан Қорақалпоғистон радиосини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. 1991 йилга қадар Қорақалпоғистон радиоканали эшиттиришлари кунига 3,5 соатдан эфирга узатилган бўлса, 1993 йилдан 6,5 соатга узайтирилган.
Бугунги кунгача “Қорақалпоғистон” радиоканали Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ёшлар” радиоканали таркибида эфирга узатиб келинаётган эди. Юқорида келтирилганидек, бугундан бошлаб «Қорақалпоғистон» радиоканали алоҳида 107,8 тўлқинида эфирга узатила бошланди ва географик ҳудуди ҳам кенгайди. Яратилган имкониятлар натижасида Нукус шаҳри билан бирга Хўжайли, Тахиатош, Кегейли, Нукус туманларида тўлиқ ҳамда Шўманой, Чимбой,Амударё, Бўзатов туманларининг айрим ҳудудларида «Қорақалпоғистон» радиоканали янграйдиган бўлди. Радиотўлқиннинг географик қамровини кенгайтириш борасидаги ишлар давом қилмоқда.
Маълумот учун: Қорақалпоғистон радиосининг архив фондида умумий ҳажми 800 соатдан ортиқ куй ва қўшиқлар, 400 соатга яқин ҳажмда радиоинсценировка, радиопьеса ва театр саҳнасидан ёзиб олинган спектакллар сақланмоқда.
Ғайрат Отажонов.