(эссе)
Мамлакатимизда Президентимиз томонидан маънавиятга, адабиётга қаратилаётган эътибор, бугунги кунда ёшларимизни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, одамлар тафаккурида маънавий хазинани бойитишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Жумладан, Зулфиянинг бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғуси, олийжаноб инсоний фазилатлари, етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти, миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳисса бугун ҳам эътироф этилмоқда.
Шуларни ўйлар эканман, хаёлимда мен ҳам Зулфия зиёсидан нур олиб яшадим, деган фикр ярқ этиб, онгу-тафаккуримни ёритиб, кўнглимни фахр-ифтихорга тўлдиради. Ана шунда хотиралар дафтари очилиб, беихтиёр мен Зулфия опа ҳақида унинг бетакрор ҳаёти, ижоди жамият ҳаётидаги кўп қиррали фаолияти тўғрисида билганларимни ёза бошладим…
… Зулфия опани илк бор 1966 йил “Саодат” журналидаги иш кабинетида кўрганман. Опа мени таҳририят коридорида учратди. Мен тортиниб ўзимни четга олдим. У менга меҳр билан бир зум тикилиб турди-да. «Сиз Гулистонсиз», деди ва елкамга қўлини қўйиб, саломимга алик олди. Опанинг қўллари худди чеҳрасидай жуда иссиқ эди. Опа мени елкамдан қучоқлаганича иш кабнетига бошлади. Кенг ва ёруғ хонадаги чиройли жавонлар китобларга тўла, дераза олдида турфа хил гуллар очилган шинам ва кўркам бу иш хонаси ҳамон хотирамни бойитиб туради.
Гапиришга, сукунатни бузиб сўз бошлашга тортиниб турганимда опанинг ўзи мени суҳбатга тортди.
-Тортинманг Гулистон, қизим, келинг, менга яқинроқ ўтиринг. Хатларингизни кўп олганман. Олис Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрида бир шоира қизим бор, деб ҳамиша эслаб юраман, келиб яхши қилибсиз…
Мен тортина-тортина ТошДУнинг журналистика факультетига сиртдан ўқишга кирганимни, туман газетаси таҳририятида ишлаётганимни гапириб бердим. Ҳаяжонланганимдан терлаб кетган бармоқларимга ёпишиб қолган дафтарни секин столга қўйдим.
-Шеърларингизни олиб келдингизми,- деди Зулфия опа ва дафтарга қўлини узатди.
Зулфия опа мен узатган дафтардаги шеърларни диққат билан ўқир экан, узоқ хаёлга толди. Жимликни мен саволим билан буздим.
-Зулфия опа, бир шеър ўқиб берсам майлими?
Опа бундай таклифни кутмаган эди шекилли,
— Узр, қизим, мен шеърият ҳақида, шу кунларда шеъриятга кириб келаётган ёш, истеъдодли қизларимиз, уларнинг ижоди ҳақида ўйлаб кетибман… Албатта, албатта шеър ўқинг, мен тинглайман.
Зулфия опа қўлидаги дафтар ва қаламни стол устига қўйиб менга кулимсираб қаради.
Мен ўрнимдан турдим. Кўйлагимни тўғрилаб бироз ҳаяжонланиб турдимда Зулфия опанинг “Ҳаёт варақлари” китобидан ёд олган “Мактаб йўлида” номли шеърини ўқидим.
-Сизни шоира десам, сухондан ҳам экансиз,-деди Зулфия опа ўрнидан туриб. Раҳмат, қизим. Ҳузуримга келганларнинг ҳеч қайсиси менга ўз шеъримни ўқиб бермаган эди. Мени сеҳрлаб қўйдингиз…
-Йўғ,е, кечиринг, мен ўзи шеърни ифодали ўқишни яхши кўраман.
-Бу яхши фазилат, ўтиринг, қизим, шеърлар тўғрисида гаплашамиз. Мен бугун сиздан жуда катта совға олдим… Менга катта қувонч бердингиз, қизим…
Сиз ўқиган шеър энди ҳаётга кириб келаётган, фикрлари ғўр, эҳтирос-туйғулари ақлидан устун турувчи сизга ўхшаш шошқалоқ бир қизнинг ёзганлари эди. Сиз ёдлаш учун шу шеърни танлабсиз. Бу менинг шеъриятга илк қадамим эди. Ҳозир сизнинг шеърларингизни ўқиб ҳам худди шуларни Сизга гапирмоқчи бўлиб турган эдим. Масалан:
Суюклисиз бунчалар ҳам Онажонгинам
Бағрингизда доим кўклам Меҳрибонгинам
деб бошланувчи шеърингиз худди сиз ўқиган менинг шеърим каби болалик ва ёшликнинг жўшқинлиги билан қоғозга тушган. Сиз ўқиган шеърни мен ўн етти ёшимда ёзган эдим. Мен ишонаман, Гулистон, шеъриятда қадамингиз дадил, мустаҳкам, истеъдодингиз эса сўнмас бўлади, қизим.
Зульфия опа менинг пешонамдан ўпди. Бу меҳр, бундай катта ишонч бугунга қадар менинг ҳаёт йўлимни ўзининг зиёси билан қалбимга, руҳимга куч, журъат, илҳом бериб ёритиб келмоқда.
Зулфия опа билан ўша учрашувимиз ва суҳбатимиздан эътиборан мен опанинг ижоди билан янада чуқурроқ таниша бошладим. Тез-тез учрашмасак ҳам Зулфия опанинг вақтли матбуотда эълон қилинган ҳар бир шеъри, мақоласи, суҳбатларини йиғар эдим. Шеърларини алоҳида дафтар ичида ҳозиргача ҳурмат ва меҳр билан сақлаб келаяпман.
Хотирам саҳифаларини очар эканман Зулфия опа билан бўлган учрашувларимиз, суҳбатларимиз, опадан эшитганларим ва халқимизнинг шундай забардаст қалби дарёдай кенг, истеъдод ва илҳомидан маънавий бир хазина яратган адиба аёл ҳақида адабиётшунос, олиму, ижодкорларнинг ёзганлари бир-бир ёдимдан ўта бошлайди. Энг асосийси, Зулфия опанинг таржимаи ҳоли ҳақида гап кетганда унинг “темирчи уста” оиласида дунёга келганлиги тўғрисида айтилади. Ҳақиқатан ҳам мен Зулфиянинг ўзи ҳақидаги ҳикояларидан у ҳунарманд — дегрез оиласида таваллуд топганлигини билар эдим. Бобосини маҳалладошлари ҳурмат билан Муслим дегрез деб атар эдилар. Зулфия опа эса отасининг ҳаётини чўян эритилаётган олов, оловда қизараётган темир орасида хотирлайди.
Зулфия опанинг 4 акаси бор эди. “Онам ҳаммамизнинг кўнглимизни олишга урунарди” деб эслайди Зулфия опа.
Зулфия опанинг кичкина кутубхонасида ота-онасидан ёзма эсдаликлар, суратлар қолмаган, фақат, Зулфия опанинг беғубор болалиги унинг ён дафтарларида ўчмас сиёҳ билан ёзилиб қолган.
Бу хотиралар Зулфия опанинг болалиги ўтган кунларидан бир лаҳза. Йиллар ўтиб ана шундай маънавий бой пок ҳаёт бағридаги болалик – энг гўзал болалик эканлиги тўғрисида хулосага келади киши.
Зулфия опа дастлабки китоб сабоқларини аҳил бир оилада, онаси, акаларидан олган эди. Айниқса онаси Ҳадича хола тўғрисида Зулфия опа меҳр билан кўп гапирарди. Онаси ўқимишли, мулойим, меҳрибон аёл бўлиб унинг ўзига хос бўлган бир кичик кутубхонасида Навоий, Бедил, Фузулий, Ҳофиз, Машраб сингари улуғ шоирларнинг ноёб асарлари сақланар эди.
“Биз айниқса қиш оқшомлари сандал атрофида йиғилиб, онамнинг бирор бир халқ достони ёки баёзларини, шеър ва жангномаларини тинглар эдик. Онам ўқиган ҳар бир сатр менинг жон жаҳонимга сингиб сеҳрли бир оламларга етаклаб кетар эди. Балки ўша лаҳзаларда мен ўзим ёзадиган илк сатрларимни, шеърларимни қалбимга тўплагандирман”, деб эсларди Зулфия опа.
1931 йилда Зулфия опа Хотин-қизлар билим юртига ўқишга киради. Энди унинг кўз олдида яна бошқа ҳаёт саҳифалари очила бошлайди. Бу ҳаёт саҳифаларини шоира ўзининг илк шеърларида қоғозга тушириб кетган. Чунки бу даврни “Ҳужум” деб аташган. Аёллар паранжи – чачвонларини ёндириб, ҳаётга энди қадам қўяётган даврлар эди. Шу йилларда Зулфиянинг илк шеърий тўплами босилиб чиқди. Унга чексиз қувонч, қанотли туйғулар берган бу кичкина китобчанинг шоира қалбида очган олами чексиз эди.
1932 йилда Зулфиянинг биринчи шеърлар тўплами, “Ҳаёт варақлари” матбуот юзини кўрди. Бу шеърлар Ҳамид Олимжоннинг ҳам назарига тушди.”
Зулфия опа билан қилган суҳбатларимизда булар тўғрисида тўлиб-тошиб гапириб берганлари эсимда. Ҳамид Олимжон билан ҳам ўша тўгарак машғулотларида қатнашиб, шеърлар машқ қилиб, шеърлар ўқиб, адабиёт юзасидан бўладиган мулоқотларда танишган эди. Чунки тўгарак машғулотларини Ҳамид Олимжон олиб борар эди — , деб эслар эди Зулфия опа. Унинг босиқлиги, журъати, кучи, мағрур қиёфасидан ҳайратланганман. Яширмайман. Ҳамид Олимжон билан бўлган ҳар бир учрашувимиздан кўнглим тўлиб, фикрларим ёришиб кетар эди. Мен уни ёқтириб қолган эдим.
Зулфия опа учун Ҳамид Олимжоннинг азиз исми шоира ҳаёти саҳифаларига тақдир деб аталган ҳаёт йўли билан ёзилиб қолди. Бу улуғ шоир ўзбек адабиёти тарихида ҳам ўчмас из қолдириб, ўзининг катта маънавий хазинаси билан бугунги кунда ҳам ёшларимиз онгида Ватанга муҳаббат, ўз халқига, она тупроғига садоқат туйғуларини улғайтирмоқда.
Зулфия Исроилова 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олади. Сўнгра 1938-1948 йилларда болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларида эса Ўзбекистон “Хотин-қизлари” журналида бўлим бошлиғи ва ниҳоят 1953-1980 йилларда “Саодат” журналининг Бош муҳаррири бўлиб фаолият кўрсатди.
Мен тақдир йўли билан қайси соҳада фаолият кўрсатмайин ҳамиша Зулфия опанинг суҳбатлари, насиҳатлари, унинг бизга ўрнак бўлиб келган ҳаёт йўлидан бир қадам ҳам четга чиқмаганимни биламан. Тақдирим опа тақдирига ўхшамаса ҳам шеърият деб аталган бир ҳаёт бўстонида нафас олганимдан фахрланаман. Бизларнинг учрашувларимиз қувонч ва орзу, шеър ва ижод лаҳзаларига айланиб кетарди. Ҳар бир суҳбатда мен неча йилларнинг ҳаёт сабоқларини олганимни тушунар эдим. Зулфия опанинг аёллик маҳобати, гўзаллиги, инсоний меҳр-муҳаббати, иззати ва ҳурматини мен ҳаётимда ҳеч кимда учратмаганман.
-Қизим, Тошкентга келсангиз албатта, мен билан телефонда боғланинг, деб илтимос қиларди, опа. Мен ҳайрон бўлар эдим. Мен бораяпман деб айтишни ўзимга эп кўрмас ва бундан ўзимни ноқулай сезардим. Кейин билдимки, Зулфия опа ҳузурига келадиган ҳар бир меҳмони учун алоҳида тайёргарлик кўрар, чиройли кўйлакларини кийиб, ўзига оро бериб, нафис бир гўзаллик ва назокат билан меҳмонни кутиб олар эди.
Суҳбатларимизда опа Қорақалпоғистон ҳақида, энг аввало Ибройим шоир ҳақида сўрар эди. Қорақалпоқ адабиётининг умумжаҳон адабиётида, айниқса ўзбек адабиётида тутган ўрни алоҳида эканлиги тўғрисида узоқ гапириб, Тўлепберген Қаипбергенов, Жўлмирза Аймурзаев, Тиловберген Жумамуратов, Тўлепберген Матмуратов, Улмамбет Хўжаназаровларнинг ижоди тўғрисида ўқиганларини тўлиб тошиб гапирар эди.
— Қорақалпоғистонни севаман. Унинг кўнгли саҳролардай кенг инсонларини, уларнинг Амударёдай тўлиб-тошиб турган кўнглини шоир ва ёзувчиларнинг асарларидан англаганман. Ҳар сафар шайланаман. Лекин Қорақалпоғистонга боришга ҳеч йўл тушмаяпти. Фақат сизларнинг кўнглингиз орқалигина мен Қорақалпоғистон кенгликларида юргандайман.
Зулфия опа ўзининг “Бир дарёнинг икки қирғоғи” деб номланган мақоласида “Тасодифга ташаккурки, менинг қорақалпоқ адабиётидан илк баҳра олишим, унинг сарчашмаларидан – халқ оғзаки адабиётидан бошланган. Бу чашма жуда улкан, тиниқ, жуда теран. Ўзининг шаффоф саҳнида кенг кўламли, суронли халқ курашлари, бўронлари, манзараларини акс эттирган чашма эди”,- деб ёзади.
Мен ҳар сафар Зулфия опанинг ушбу мақоласини ўқиганимда, Қорақалпоқ халқи, унинг халқ достонлари, адабиёти, унинг истеъдодли адиблари яратган асарлари тўғрисида бирга қилган суҳбатларимиз эсимга тушарди.
Шунингдек Зулфия опанинг қорақалпоқ адабиётини чуқур ўрганганлиги унинг Бердах шоирни, Кунхўжа, Ажиниёз, Аббаз Дабилов, Жўлмирза Аймурзаев, Ибройим Юсупов ва бошқа қатор машҳур шоир ва ёзувчиларнинг ижодини яхши билганлиги уларнинг асарларидан қилган таржималаридан ҳам маълум эди.
Зулфия опага айниқса, “Тўмарис” достони жуда ёқар эди. Массагетларнинг аёл подшоси Тўмарис ҳам жасоратли, ҳам доно, гўзал бир аёл бўлган дер эди,- Зулфия опа ўз суҳбатларида. Тўмариснинг ўз юртини ҳимоя қилиб Эрон шоҳига қарши беқиёс кураши ҳақида тарихда жуда кўп ёзилган. Лекин қорақалпоқ халқ шоири Ибройим Юсуповнинг “Тўмарис” ҳақида ёзган “Массагетлар” деган достони борки, бу достоннинг тили бой, туйғулари оловли, ранглари қуюқ.
Ибройим Юсупов Зулфия опанинг ҳаётида жуда ўчмас из қолдирган. Шоирнинг кўплаган шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Зулфия опа суҳбатларининг бирида Ибройим Юсуповнинг 1957 йилда унга бағишлаб ёзган “Тишларингда борми маргиёнг” деб номланувчи шеъри тўғрисида тўлиб-тошиб гапириб берган ва шеърнинг қўлёзмасини кўрсатган эди. Бу шеър Ибройим Юсуповнинг тўпламларининг ҳеч қайсига киритилмагани, уни айнан, фақат шоира Зулфия учун махсус ёзганлигининг исботи эди. Кейинчалик яқин йилларда маълум бўлдики ўша шеърнинг яна бир нусхаси Тошкент Давлат Адабиёт музейининг қўлёзмалар бўлимида ҳам сақланаётган экан.
Ибройим шоир ўзига хос катта шоир. У халқ адабиётини яхши билганлигидан шеърларининг тили бой, ҳаяжони ёниқ, ранглари қуюқ, унинг замонамиз кишилари, қорақалпоқ кенгликлари, ажойиб санъати, бетакрор достонлари, ҳаёт ва муҳаббат ҳақидаги лирик асарларини халқимиз жуда севади, унинг янги шеърларини кутиб, севиб таржима қилишга тайёр туради, -деб эслар эди Зулфия опа.
Мен юқорида тилган олган Зулфия опанинг мақоласида қорақалпоқ халқини бутун дунёга танитган, жаҳон адабиётидан ўз ўрнини эгаллаган, асарлари билан машҳур атоқли халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов тўғрисида ҳам илиқ фикрлар айтиб ўтилган.
“Тўлепберген аёлларни достонларда куйламайди, уларга нозик ишқий атамалар битмайди, муаллиф насрий асарларини меҳр ва маҳорат билан, ғазаб ёки ачиниш оташида ёниб ёзгани учунми унинг таъсир кучи баланд, сўз қудрати ва таъсирини юксак пардаларга кўтаради. “Гумроҳлар” романида шундай бир диалог бор.
“- Она, она дейсан, қанақа она экан-у?- дейди Эрназарнинг рақиби.
— Онам! Онам деганим-юртим деганим! – дейди Эрназар”.
Йигитлар ёвга қарши курашга, ёки бир муҳим масалани ҳал қилишга киришишдан олдин оналарнинг ёнларига кириб уларнинг маслаҳатларини олганлар, деб ёзади Зулфия опа.
Зулфия опанинг суҳбатларидан шу нарсани англар эдимки, унинг қорақалпоқ юртига меҳри баланд, адабиётига эътибори катта эди.
“Қорақалпоқ адабиётига иқтидорли ёшларнинг кириб келиши жуда қувончлидир. Мен уларнинг овозини эшитганимда ҳар бирининг ўз қўшиғи борлигидан кўнглим ўсади. Менга Гулистон Матёқубованинг шеърлари, айниқса, ёқади. Шеърининг мисралари қалбининг алангаларидан ўтиб тургандай жонингизни истиб ўтади. Мавзуи кенг, турли-туман ва бир-бирига ўхшамаган. Лекин ўқиб чиққач, биласизки, бу – Гулистон Матёқубованинг фаол қаламига мансуб. Унинг “Жанна ДАрк тергови” шеърини ўқиб ҳайратга тушганман:
-Менинг хазинамни
сўраяпсизми,
Қизиқтирадими мен
минган от ҳам?
Халқ-ганжим, хазинам,
кўраяпсизми,
От ҳам-она халқим,
учқур қанот ҳам.
-Нега кийиб олдинг
эркак либосин?
-Мардларнинг либоси
ёқади менга.
Шеър охирига бориб шиддатли кўтарила боради:
-Кўзларингда нафрат,
сўзингда нафрат,
Кимсан сен, бунчалар
сўйлайсан баланд?
-Босқинчи зотини ҳеч тан
олмайман,
Мен эркка интилган
Францияман!
Мен бу шоиранинг келажагига ишонаман.
Набира Тўрешова, Гулчеҳра Рахимова, Фотима Мирзабоевалар улардан кейинги авлод. Уларнинг овози яна ўзига хос, умидли, деган фикрларини доим эслаб юраман.
Биз қорақалпоқлик шоиралар билан яхши алоқадамиз, уларнинг ижодини кузатиб борамиз, муваффақиятларидан қувонамиз.”
Зулфия опанинг бу таъкидлари шунчаки сўзлар эмас эди. Бунинг исботи сифатида “Саодат” журнали саҳифаларида ой сайин қорақалпоқ шоираларининг ўзбек тилига таржима қилинган шеърлари чиқиб турар эди. Шунингдек, “Саодат” журнали қошида ташкил қилинган ижодкор аёлларнинг адабий анжуманларида айниқса қорақалпоғистонлик ижодкор қизларга ҳам катта ўрин бериларди.
Менинг ҳаётимда 1986 йилнинг баҳори алоҳида бир қанотли қувончлар билан бошланган эди. Менга Зулфия опа юборган қимматли туҳфа-Зулфия асарларининг уч томлик –“Шалола”, “Мушоира”, “Камалак” деб номланган китоблари ҳаётимда асло ўчмас из қолдирди ва у менинг уй кутубхонамни меҳри, ўтли мисралари, самимий тилаклари билан ҳамон тўлдириб турибди.
Зулфия опанинг ушбу асарларининг 1-томи биринчи саҳифасида шундай сатрлар бор эди.
“Ҳурматли Гулистон!”
Сизда суврат, сийрат,
яхлит Гулистон
Ажаб ярашиқдур
куйлаб яшамоқ
Дилингиз яратсин,
шеърдан бир бўстон,
Шу бўстонга катта йўллар
бўлсин оқ!
Истеъдодингизга учқур қанотлар тилаб, Зулфия!
1986 йил.
Асарларнинг II томида “Менинг умидли шоирам, суюкли Гулистонбегим! Катта-катта мушоираларда овозингиз баланд, латиф жаранглаб турсин”. III томида эса “Гулистон! Бу китобдан ўзингиз ҳақингизда икки калима сўз топурсиз” Зулфия 1986 йил деган тилаклар битилган эди.
Мен бундай катта эътибор, меҳр ва ҳурматни барча ижодкор қорақалпоқ қизларига Зулфия опанинг катта муҳаббати деб қабул қилганман.
Зулфия опанинг меҳру эътибори тўғрисида гапирганда ҳамиша Тошкентда бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси Маданияти кунларига бағишланган, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1993 йил май ойидаги сонлардан бирида босилиб чиққан, Зулфия опа 1993 йил 30 апрель куни ёзган “Биз билан қолган унутилмас дамлар” ва “Гулистоннинг бўстони” деб аталувчи кўламли мақола эсимга тушади.
Маданият кунлари мен Зулфия опа билан бирга бўлган эдим. Шу кунлардаги узун суҳбатларимиз, Зулфия опанинг қорақалпоқ маданияти, санъатининг ўзига хос қирралари тўғрисидаги алоҳида ҳурмат билан гапирган эътирофлари менинг маданият кунларидан олган катта таассуротларимни янада бойитган эди. Ушбу мақолаларда Зулфия опа “Ошиқ ариб ва Мастпошшалар ғоз овлаган Оқчакўлнинг қиёқлари, Бойсуну Қўнғиротнинг беадад яйловлари, дашту саҳроларнинг илдизлари оёғимиз остидаги Она-заминга сингишиб кетган томирдош, қондош, қариндош Қорақалпоқни ўзбеклар ўзининг бош кенти муаззам пойтахт Тошкентга хуш келибсиз деб кутиб олди. Шунингдек Қорақалпоқ маданияти арбоблари билан бу сафарги учрашув ҳам дилимиз кошонасини баҳорий туйғуларга тўлдирди. Умуммаънавиятимиз хазинасига бектарор жавоҳирлар қўшди” , деб ёзди.
“Гулистоннинг бўстони” сарлавҳали мақолани эса Зулфия опа “Халқимизда “Тўй ўтар, келин ёнга қолар” деган ажойиб мақол бор. Бугун мен қорақалпоқ дўстларимнинг қайноқ туйғулар билан тақдим этиб кетган янги китобларини ўқишга киришаман. Аёллик насабим ғолиб келиб мулоқотни Гулистон Матёқубова китоблари билан қалблашишдан бошлайман. Китоб дастлабки саҳифалариданоқ мени қорақалпоқ адабиёти бўстонига илк бошлаб кирган халқ эртаклари, достонлари, айтимлари, ўланлари кечган қадим ва узун йўлнинг давомига улангандай бўламан.
Гулистоннинг “Мен сен учун яшаяпман”, “Севиб қолсин” деб аталган китобларини қўлимга оламан”, деб бошлаб, менинг кейинги йиллардаги ижодимни кенг таҳлил қилиб, тўлақонли фикрлар билдирган ва охирида “Мен бу шеърларни тасаввуримда кўриб турибман. Бу шеърлар умуммаънавиятимизни тўлдирадиган, шеъриятимизга ёрқин саҳифалар бўлиб кирадиган ажойиб ютуқларидан бўлишига ишониб турибман.
Саломатлик тилайман. Жўшқин илҳом ҳамиша Сизга ёр бўлсин!
30.04.1993 йил
Салом билан Сизнинг Зулфия!, деб имзосини қўйган эди. Йиллар ўтган сайин бу мақоланинг менга юборилган асл нусхасидаги имзо ва дастхат менга дуодай, тумордай азиз бўлиб қолди. Уларни кўз қорачиғидай асраб келаяпман.
Зулфия опанинг таржимаи ҳолига қайтиб шу нарсани айтмоқчиманки, адиба шоирамиз «Ўйлар», «Шалола» каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори бўлган. «Сайланма»лари учун Иттифоқ Давлат мукофоти, ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлал Неру номидаги умумҳиндистон соврини, Тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро «Нилуфар» мукофотларига сазовор бўлган.
Айни чоғда Зулфиянинг халқаро дўстлик, тинчлик ва байналмилал руҳда ёзилган бадиий ва публицистик асарлари унинг катта жамоатчилик фаолияти билан қўшилиб кетган. Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шри Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлган. Зулфия 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи Конференциясида қатнашиб, катта анжуман хотирасига бағишланган машҳур “Мушоира» (1958) асарини яратган.
Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Некрасов, Лермонтов, С.Шчепачев, В.Инбер, Леся Украинка, Эди Огнесвет, М.Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.
Зулфия Меҳнат Қаҳрамони унвони, қатор орден ва медаллар билан тақдирланган. Шунингдек Зулфия опа Болгария Халқ Республикасининг биринчи даражали «Кирилл ва Мефодий» ордени билан ҳам мукофотланган. Зулфия опадай халқнинг севимли бир қизининг ҳаёти мангулик томон йўл олган, бугун ҳам давом этмоқда. Бу йўл Ойдин Хожиева, Эътибор Охунова, Гулчеҳра Жўраева, Ҳалима Худойбердиева, Хосият Бобомуродова, Қутлибика Раҳимбоева, Муҳтарама Улуғова сингари Зулфия опа оқ йўл тилаган халқимизнинг ардоқли шоира ва адибалари ижоди ва фаолияти билан давом этди. Унинг давомчилари ичида менинг ҳам борлигим бахтим ва фахримдир.
Халқимизнинг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, адиба Зулфия Исроилова ана шундай катта ҳаёт йўлини босиб ўтди. У ўзи эришган муваффақиятлари учун ҳамиша уни тарбиялаган халқидан миннатдор бўлди. Зулфия опа 81 ёшида 1996 йилда вафот этди. Лекин опа яратиб кетган бой маънавий хазина асло ўлмасдир. У асрлардан асрларга ўтиб абадий яшайди. Бу йил нишонланаётган опанинг шонли 109 йиллиги фикримизнинг далилидир.
Унинг ўзи айтганидай:
“Менинг умрим варақларида қийноғидан ҳам шодлигидан ҳам қувониб юрганим яна бир бебаҳо бойлигим бор. Булар-фарзандларим, ўғлим, қизим. Улар ҳозир ўзлари ота-она, бир-бирига ўхшаб ўхшамаган фарзандлар тарбия қилишмоқда. Баъзан Хулкар гапираётганда ундан онамнинг майин овози эшитилгандек бўлиб кетади. Улуғбек неварамнинг ўткир нигоҳларида баъзан Ҳамид Олимжоннинг қарашларини кўргандай бўламан.
Шунда мен дунёда ҳеч нарсанинг изсиз кетмаслигига, фақат у бир кўринишдан иккинчи кўринишга ўтиб яшашига чуқурроқ ишонаман. Менинг, ота-онамнинг, Ҳамид Олимжон ва унинг аждодлари қони тиниб қолмаслиги умиди менга куч беради.
Мен яна бир нарсага қаттиқ умид қиламан. Йиллар ўтаверади, ер юзидаги ҳаёт бундан ҳам гўзаллашаверади, унда бугунгидан ҳам яхшироқ инсонлар-руҳи бой одамлар яшайди. Агар ўша кишилар ҳам менинг бирор сатримни эсга олсалар, ўша сатр улар учун керакли бўлса, қалбининг бўш бир нуқтасини тўлдирса…. Қаламимга шу умид куч беради. Зотан, шу илинжсиз ёзишнинг кераги йўқ! Шоир фақат бугуни учун шоир бўлса, бўлмагани яхши!”
Гулистон МАТЁҚУБОВА,
Қорақалпоғистон халқ шоири.