ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ: ОДАМЛАР ИСЛОҲОТЛАРДАН МАМНУН


Халқимиз бугунги ислоҳотлардан қанчалик хабардор? Аҳолининг ўзгариш ва янгиланишлардан хабардорлиги юрт тараққиётига қай даражада таъсир кўрсатади?  Она Ватанимизнинг ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши учун илдам қадамлар ташланаётган, Учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш олий мақсад қилинган бир даврда бу саволлар хусусида ҳар биримиз ўйлаймиз, албатта.

Тўғри, бугун халқимизнинг онг-тафаккури бутунлай ўзгарган. Шу билан бирга улар энг аввало ҳаётда ўзи баҳраманд бўлаётган, ўзининг манфаатларини ифода этадиган жараёнларга кўпроқ қизиқади, ишонади ва қўллаб-қувватлайди.

Масалан, у мамлакатда бир йилда қанча километр йўл асфальтлангани, бунинг учун қанча маблағ ажратилганини билмайди. Аммо то эсини таниганидан буён ўнқир-чўнқир бўлиб ётган  кўчаси асфальт қилинганидан шод бўлади. Кечасиям ёғду сочиб, йўлларини ёритиб турган тунги ёритгичларга қараб, бир пайтлар фонар кўтариб тўй-маъракалардан қайтганини эслайди. Тўғри у “камбағалликни қисқартириш”, “ижтимоий ҳимоя” каби илмий тушунчаларни унчалик таҳлил қилмайди, аммо муҳтож инсонларнинг эшигини таққиллатиб муаммолари ўрганилаётгани, йиллар давомида устидан чакки ўтиб яшаётган қўшнисининг томи ёпиб берилгани, бир эҳтиёжманд оила фарзандининг ўқиши учун  тўлов-контракт пулини тўлашга ёрдам кўрсатилгани, кеча зўрға кун кўриб юрган яна бир яқини бугун тадбиркор бўлиб даромад топаётганини ва шунга ўхшаган кўплаб мисолларни билади.

У бир йилда давлат томонидан қанча уй-жой қурилгани, бунга бюджетдан қанча маблағ сарфлангани ва кимлар учун эканини билмайди. Аммо маҳалласидаги ота-онасидан айрилган бир ёш оилага уй берилганидан мамнун бўлади. У давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг параметрлари тўғрисида билмас. Лекин, олдинлар йилига кўчасидан икки ёки уч битирувчи ўқишга кирган бўлса, бугун ёшларнинг деярли ярми мамлакатнинг турли шаҳарларида ҳаттоки ҳорижда ўқиётганидан ғурурланади. Бу каби ишларни одамлар бир-бирига айтиб ҳам юради, маҳаллада дув-дув гап ҳам бўлиб кетади. Демак, аҳоли ислоҳотлардан хабардор. Лекин билиши керак бўлган яна бошқа муҳим масалалар ҳам бор.

Қорақалпоғистонда  маҳаллалар, ўқув муассасалари идора ва ташкилотларда умуман одамлар орасида тарғибот тадбирларини ўтказар эканмиз ана шундай хулосага келдим. Айтайлик, ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмаётгани, бу ишлар учун давлат қанчадан-қанча маблағ сарфлаётгани, қарорлар, фармонлар, дастурлар, лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик, тинчлик-тотувлик, миллатлараро дўстлик, шукроналик… хуллас одамларга айтадиган гапимиз ҳали анчагина.

Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи  Кенгеси ташаббуси билан тузилган тарғибот гуруҳлари аъзолари – зиёлилар, депутатлар, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар бир сўз билан айтганда фаоллар аҳолининг барча қатламлари билан мулоқот қилиб, юртимизда амалга оширилаётган  кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

Баъзида бугунги одамлар енгил- елпи, олди-қочди гапларга кўпроқ қизиқади деб ўйлаймиз. Аммо аслида ҳамма ҳам ундай эмас. Юрт тараққиётига дахлдор  бўлган жиддий масалалар ҳақидаги ахборотларни бутун вужуди билан эшитадиган, ҳатто ўзгаришлар, янгиланишлар, кўрсаткичлар, рақамлар тилга олинганида мамнун бўлиб ўтирадиган юртдошларимизни кўриб бунга гувоҳ бўламиз.

Фармон ва Қарорлар ортидаги эзгуликлар

Президентимиз томонидан айни Қорақалпоғистон учун кейинги йилларда кетма- кет қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар асосида қандай ишлар амалга оширилди? Албатта буни очиб бериш учун бир мақола ёки бир маъруза етмайди. Аммо одамларнинг юрагигача етиб борган баъзи мисолларни келтириб ўтишимиз мумкин. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар ўтказилиб, шароити оғир оилалар тоифаланган ҳолда  аниқланди. Овул ва маҳаллалар инфратузилмаси ўрганилди. Аниқроқ айтганда барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари ҳамда ички йўллар ҳолати бўйича ўтказилган хатловда оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли 21 094 та уй-жойларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойларни янгидан қуриш белгиланди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Шўманай туманларига бириктирилди. Вилоятлар томонидан бугун мазкур туманларда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бириктирилмаган  Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларидаги 2 минг километр тупроқ йўлларга қум-шағал  ётқизилмоқда.

Бундан ташқари, 43 432 та ҳужжатларсиз, ноқонуний қурилган уй–жойлар аниқланиб, уларга уй-жойлар жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилган ҳолда ҳужжатлаштириб берилмоқда.

Маҳаллалар инфратузилмаларини такомиллаштириш, аҳолининг турмуш шароитларини янада яхшилаш,  маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижросини ҳамда мавжуд муаммоларнинг самарали ва тезкор ҳал этилишини молиявий ва моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида 2023 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасидаги 452 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирига 500 млн сўмдан маблағ ажратилди.

Шунингдек, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ободонлаштириш ишларини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган ташаббускор фуқаролар, маҳаллалардаги кўчабоши ва уйбошилар рағбатлантирилди. Бунинг учун зарур маблағлар республика ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан ажратилди.

Дастлаб 2022/2023 ўқув йили учун Қорақалпоғистон Республикасида умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафар, кейинги ўқув йиллари учун эса ҳар йили 1 сентябрга қадар 6 500 нафар ёшларнинг вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинишини таъминлаш белгиланди. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб эса бу миқдор яна оширилди. Яъни давлат гранти асосида 3000, тўлов-шартнома асосида 6500 нафар элимиз ёшлари қўшимча квота асосида ўқишга киришга муяссар бўлди.

Пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар учун темир йўл ва авиа йўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилмоқда. Хуллас, санайверсак имконият, имтиёз, эътибор катта.

Миннатдорлик туйғуси

Кимдир сабаб бирор ташвиши бошидан ариб, елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил, кўзларида, тилида, дилида ҳаяжон уфуриб турган одамни кўрганмисиз. Кутмаган жойида гўёки ғойибдан уйига ризқ-барака кирган инсоннинг ҳайратиничи? Узоқ йиллар меҳнат қилиб бир бора раҳмат эшитмаган инсонга ҳурмат кўрсатилиб, рағбатлантирилганидаги қувончиничи? Армонга айланиши муқаррар бўлган орзуси кутилмаганда рўёбга чиққан ёш қиз ёки йигитнинг шодлигиничи? Биз бугун Қорақалпоғитсонда бундай ҳолатларни, бошқача айтганда одамлар кўнглидаги, кўзидаги миннатдорлик туйғусини деярли ҳар куни кўрамиз.

Масалан, маҳалла фуқаролар йиғинларига берилган 500 миллион сўм маблағ ҳисобидан маҳаллаларга қуёш панеллари, янги трансфарматорлар, кўчаларга светафорлар, тунги ёритгичлар ўрнатилгани каби ишлар халқимиз турмуш шароитини янада яхшилаган бўлса, янги маҳалла бинолари қурилгани ва уларнинг моддий- техник базаси мустаҳкамлангани маҳалла фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилаётганини бугун аҳоли эътироф этмоқда.

Ёки ҳужжатларсиз қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилганидан ўз меҳнати билан уй қуриб аммо йиллар давомида хавотир билан яшаб келган инсонларнинг мамнунияти чексиз. Ана шундай хонадонлар орасида ­Тахиатош  туманидан ҳам 140 дан ортиқ оила бор. “Айдин жўл” маҳалласи 12-уйда яшовчи Калембай Ўразбаев, “Янги макан” овули 67-уйда яшовчи Аралбай Айимбетов ҳамда Найманкўл овули Камалак кўчаси 4-уйда истиқомат қилувчи Базарбай Артиқовлар тахиатошликлар номидан Президентимизга миннатдорчилик билдириб, узоқ вақтдан буён ҳаловат бермай келаётган муаммосига ечим топилганидан мамнун эканликларини таъкидлашади.

-Неча йиллардан буён кўчабошилик қиламан. Одамларнинг тўй-маъракаси, оилалардаги муаммоли вазиятлар, ёшлар тарбияси, элда тинчлик ва хотиржамликни сақлаш, хуллас беминнат хизматдамиз. Кеча кундуз тиним билмасамда бу меҳнатим учун бирор нарса таъма қилмаганман. Ўтган йил Президентимиз ташаббуси билан барча кўчабошиларга 3 миллион сўмдан берилиб рағбатлантирилди. Биринчи марта кўчабошиларга ана шундай эътибор қаратилди. Кўнглимиз тоғдай кўтарилди, -дейди Тўрткўл тумани Оқбошли қишлоғидан кўчабоши Қуранбой Эшназаров.

— Мен бу йил  Нукус шаҳридаги 46 сонли ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабини тугатиб Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси университетининг юриспруденция мутахасислигига ўқишга кириш учун тест имтиҳонларини топширган эдим, -дейди нукуслик Тўмарис Отепбергенова тест якунига кўра эса ўқишга кириш имкониятини берадиган етарли миқдордаги ўтиш балини тўплай олмадим. Бироқ, Президентимизнинг қорақалпоғистонлик ёшларга кўрсатган оталарча ғамхўрлиги сабабли, менинг орзуим рўёбга чиқиб қўшимча берилган грант асосида мазкур университетга ўқишга киришга муяссар бўлдим. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан  чексиз миннатдорман.

Ислоҳотларнинг самараси халқ уларни қанчалик тушунаётгани, ишонаётгани ва қўллаб-қувватлаётганига бевосита боғлиқ эканлигини биламиз. Кўриб турганимиздек, ўзгаришлар сезиларли, халқимизнинг мамнуниияти чексиз. Биз эса бугун одамлар билан шу фаровон ҳаёт ортида турган омиллар, ислоҳотлар, қонунлар, фармонлар, қарорлар,  маблағлар, айтиш жоизки машаққатлар ҳақида мулоқот қилаяпмиз. Зеро, ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Шуни тушунган инсонгина бугунги фаровонлик, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етади. Бизнинг тарғибот тадбирларидан кўзлаган мақсадимиз ҳам айнан шундан иборатдир.

Назира Матякубова,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.