Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Давлат дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинади.
Мана бу йил ҳам Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур муҳим ҳужжатда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга оширишга оид муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бу йилги Давлат дастурида барча жабҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар қамраб олинганлиги, айниқса ёшларга кенг имкониятлар яратиб бериш, таълим ва тарбия, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қилиниши керак бўлган ишлар ўрин олганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Жумладан, Дастурда таълим соҳасига катта эътибор қаратилган. Хусусан, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизими қўшимча 1 000 та умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилиниб, фанлардаги амалий машғулотлар улушини 60 фоизгача ошириш, 7,5 минг нафар ёшлар замонавий касбларга ўқитилиши, халқаро имтиҳон тизимларида чет тиллари бўйича юқори балл олган 6 минг нафар ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилишини таъминлаш, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳасини амалга ошириш ҳамда бунинг доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағни 5-11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфлаш ва бошқа қатор вазифалар белгиланган.
Албатта, таълимга қаратилаётган бундай эътибор ва белгилаб олинган вазифаларга назар ташлар эканмиз бу йўналишга долзарб масалалардан бири сифатида қаралаётганини кўрамиз. Авлоний бобомизнинг “Таълим-тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ибораси бугунги кун учун ҳам муҳимдир, албатта.
Агар кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар чуқурроқ таҳлил этилса, таълимнинг барча бўғинларидаги тизимини комплекс тарзда ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани яққол кўзга ташланади. Бу Янги Ўзбекистонда таълим-тарбия ҳаёт-мамот масаласига айланганидан далолат, албатта.
Шунингдек Давлат дастурида яна бир муҳим масала – мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва аҳолини спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш масалалари ҳам киритилганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Жумладан, 10 миллион нафар аҳолини югуриш, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, миллий ва белбоғли кураш каби спорт турлари бўйича марафон ва мусобақаларни ташкил этиш орқали оммавий спортга жалб қилиш чораларини кўриш, 2024 йилда Париж шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш учун камида 140 та лицензияни қўлга киритиш мақсадида 15 та олимпия ва паралимпия марказида ҳамда Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги 14 та спорт базасида барча зарур шароитлар яратиш масаласи белгилаб берилган.
Албатта мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Президентимиз ташаббуси билан ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини барпо этиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш масаласига катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Демак мазкур йилда ҳам спортни ривожлантириш борасидаги ишлар давом эттирилади.
Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда барчамиз якдиллигимизни намойиш этсак, бу улкан муваффақиятларга, тараққиётнинг янги марраларига эришиш ва натижада аҳоли турмуш даражасини янада ошириш имконини беради.
Шундан келиб чиққан ҳолда Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш барча қатори “Юксалиш” ҳаракати вакиллари ҳамда барча нодавлат, нотижорат ташкилотларига катта масъулият юклайди ва бу жараёнда барчамиз албатта, фаоллик кўрсатишимиз лозим.
Тажибай Романов,
“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси худудий бошқармаси бошлиғи.