ҚАЛБИМИЗ ЖЎШИБ ТУРИБДИ, ОНА АМУДАРЁ КАБИ МАВЖЛАНИБ, ТЎЛИБ ТУРИБДИ


Гапни нимадан бошласак экан. Ибройим Юсуповнинг сатрлариданми: “Эл меҳри сўнмас юзингдан, Улуғ дарёйи азимдан, Қорақалпоқ, Хоразмдан, Эсар Жайҳун шамоллари”. Ё бўлмаса, Омон Матжоннинг “Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди, Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди”, деган чорловиданми?! Ҳар иккиси ҳам ярашади, ахир бугун қалбимиз жўшиб турибди. Она Амударё каби мавжланиб, тўлиб турибди.

Бу қадим заминнинг азалий чорло­ви бор: адолатли, элпарвар, ҳақгўй, ях­шилик ҳикматини қидирувчи ва табиат кучи билан уйғунлашув. Кенгликларни кезган киши борки, бу чорловлар бегона эмас. Амударёнинг у қирғоғидан ҳам, бу қирғоғидан ҳам ҳаёт мазмунини қи­дирган одам авлодлари шу заминий ҳис билан яшаган. Оролни, Амударёни азиз билган қорақалпоқ ва хоразм нуфуси шундай эл бўлган.

Биз шоир ҳам, жиров ҳам эмасмиз, қорақалпоқнинг оддий журналисти­миз. Бас, шундай экан, гапни чўзиб нима қилдик. Индаллони айтиб қўяве­райлик: қиш қабоғи баҳорга очила­ётган кунда Амударё узра бир гўзал кўприк ястанди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Амударёнинг икки қирғоғини бирлаштириб турган янги кўприкнинг фойдаланишга топширилиши Қо­рақалпоғистон ва Хоразм аҳли учун чинакам шодиёнага айланиб кетди. Азалдан кўприк ва йўл қуриш савоб амаллардан бири саналган. Бу бежиз­га эмас, албатта. Чунки элларни эл­ларга боғловчи кўприклар узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилган.

Ҳозир янги кўприк бунёд бўлгун­ча ўтган қийинчиликларни, одамлар ташвишини, иссиқ-совуғини айтиб ўтириш фурсати эмас чоғи. Боиси, бу ҳақда кечадан буён журналист­ларимиз кўп гапирди, ижтимоий тармоқларда маълумотлар кенг тарқалди. Яхшиси биз она дарёмизнинг икки қирғоғида яшаб, борди-келди қилишнинг азоби­ни шу кунгача торт­ган оддий юртдошларимиз фикрига қулоқ тутайлик.

 

ОҒЗИБИРЛИГИМИЗ РАМЗИ

— Амударё устига қурилган кўприкдан 40 йилдан буён ўтиб-қайтаман. Лекин баҳорда сел келган пайтларда ўтиб бўлмасди. Манзилга бора олмай, овора бўлган кунларимиз кўп бўл­ган. Нукусга йўлимиз тушса, Хоразм билан Бе­руний тумани ўртасидаги кўприкдан айланиб ўтишга мажбур бўлар эдик. Бунинг учун 170-180 километр йўл босиб ўтишга тўғри келарди.

Мана, халқимиз неча йиллар орзу қил­ган кўприк ишга тушди. Бугун амударёликлар, хоразмликлар ҳам жуда хурсанд. Ёшим 80 дан ошди.

Узоқ йиллар шундай кўприк қу­рилишини орзу қилиб келганмиз, етказганига шукр. Бу кўприк оддий иншоот эмас, балки биз­нинг бунёдкорлигимиз, оғзибирлигимиз рамзи­дир, — дейди амударёлик нуроний журналист Саъдулла Хўжаниёзов.

 

ҲАЁТДАН РОЗИЛИК ИФОДАСИ

— Эски кўприк кўтарилиб кетган пайтларда маши­налар ўта олмай қоларди. Кейин анча узоқдан айланиб ўтишга тўғри келарди. Бу эса аҳолининг оворагарчили­гига сабаб бўларди. Бизга ҳам янги кўприк қуриш сўраб кўплаб мурожаатлар қилинган. Президентимизнинг кўрсатмаси ва ташаббуси билан янги ва замонавий кўприк ишга туширилиши халқимиз учун жуда қувончли воқеа бўлди. Эндиликда йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробар ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланиш имконияти яратилди. Натижада йўловчи­ларнинг икки соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади. Темир йўлда юк ташишда эса 6 соатгача вақт тежалади. Энг муҳими, ушбу кўприк тимсолида биз одамларимиз юз кўзида, гап-сўзида ҳаётдан розилик ифодасини кўриб турибмиз, — дейди Қорақалпо­ғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Санобар Ҳожамуратова.

 

ЎТГАН АСРДАГИ ОРЗУМИЗ АМАЛГА ОШДИ

— Эл кез, юрт кўр, дейди халқи­миз. Бунда ҳикмат кўп. Тараққиёт оқими бор. Қарангки, йўл бўлмаса, йўл воситаси бўлмаса, киши бир қа­дам ҳам жилолмас экан.

Биргина Амударё мисолида шу ҳақиқатга амин бўлганимизга ҳам неча йиллар бўлди, не замонлар ўт­мади. ­Хоразм бизнинг ҳам қадрли гў­шамиз, бир элмиз — қиз берганмиз, келин олганмиз. Элчилик — тўй бор, маърака бор. Вақт-бевақт дўсту би­родар, яқинларимиз ҳолидан хабар олишга тўғри келади, дийдор ширин, уларни тез-тез йўқлаб, суҳбатини ол­сак деймиз. Аммо шу пайтгача бунинг имкони ҳар доим ҳам бўлавермас, бо­рида ҳам понтон кўприкдан ўтишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлар, шу сабаб ҳам кўпинча меҳмонга бо­ришга ўйланиб турарди киши.

Қишнинг қировли кунлари ёки дарё сатҳининг кўтарилган пайт­ларида транспорт қатновида турли қийинчиликлар бўларди. Халқимиз ўтган асрдан буён шу жойда янги кўприк бўлишини орзу қиларди. Янги, замонавий ва ҳар томонлама қулай, хавфсиз кўприкнинг фой­даланишга топширилишини ҳақли равишда қорақалпоқ ва хоразмликлар учун тарихий воқеа ­дейиш мумкин.

Бир гуруҳ нуронийлар Прези­дентимиз билан биргаликда поездда ушбу кўприк устидан Хоразм томон йўл олдик. Мана шундай қувончли тарихий воқеанинг гувоҳи бўлгани­миздан чексиз мамнунмиз, — дейди Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Турсинбой Абдужабборов.

 

ЯНГИ ТРАНЗИТ ЙЎНАЛИШЛАРИ

— Ушбу транспорт-коммуникация ин­шоотининг ишга туширилиши қурилиш материаллари ва бошқа турдаги маҳсулот­ларни ташиш харажатларини ҳам камайти­ради. Бу эса янги ижтимоий объектлар ва инфратузилмаларни қуришга сарфланади­ган маблағлар тежалишини таъминлайди. Кўприк икки тарафга қараб бир вақтнинг ўзида 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга. Бу эса маҳаллий юкларни та­шиш ҳажмини йилига 2 баробар ошириш, ташиш таннархини 2 марта камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.

Албатта, бундай тарихий қурилишда иштирок этганимиздан фахрланамиз. Биз бунёд этган кўприк асрлар давомида халқимизга беминнат хизмат қилишига ишонамиз, — дейди 13-кўприк қурилиш отряди иш юритувчиси Азамат Раҳимов.

 

* * *

Сирасини айтганда, мазкур кўприкнинг фойдала­нишга топширилиши нафақат аҳоли фаровонлигига хизмат қилади, балки Қорақалпоғистон ва Хоразм ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳам кенг йўл оча­ди.

Биз гапни бежиз шеърий насимлар билан бошла­мадик. Табиатимиз шунақа: Аму соҳилларида яшаган элимиз қўшиқ, шеър, достону жировлар шайдоси. Агар буни ўз кўзингиз билан кўриб, қалбан ҳис қилмоқ­чи бўлсангиз, майли Хоразмга, майли Қорақалпоғистонга келинг. Биз сизни, албатта, янги кўприк томон бошлаймиз. Шунда унинг икки томонига ҳам қулоқ тутсангиз, бахт оҳанги тўла қувноқ ашулалар, жиров­ларни эшитасиз. Уларда ишоралар бор: бугун янги Ўзбекистон янги марраларни забт этмоқда. Бунёдкор ва донишманд халқимиз ўз ҳаётини фаровонлик ўзани сари бурган.

Бу ишлар бундан кейин ҳам бардавом ва баракали бўлишига ишонамиз. Бунинг учун бизда та­рихий қувват, юксак матонат ва бирдамлик руҳи бор.

М.ҚУТЛИМУРАТОВ.