Тўрткўл туманида ҳам “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” бош ғояси асосида байрам шодиёналари ўтказилди.
Барчамиз орзиқиб кутган Наврўзи олам байрамини муносиб нишонлаш мақсадида туман марказидаги кўчалар ўзгача байрамона тусга кирди. Мустақиллик кўчасининг икки томонидаги бетон устунлар байрамона гуллар, байроқлар билан безатилди. Маҳаллалардаги уста, ҳунармандлар ўз меҳнат маҳсулларини, миллий кийимлардаги қиз-жувонлар миллий таомларни намойиш қилди.
Моҳир пазандалар томонидан тайёрланган баҳорнинг тотли таоми барчага улашилди. Онахонлар кўкламга етказганига шукроналик келтириб, дуога қўл очди. Барчамиз учун яшиллик ва кўкламдан дарак берувчи баҳор вальси, Наврўз ҳақидаги куй-қўшиқлар байрам қатнашчиларига баҳорий кўтаринки кайфият улашди. Байрам тадбирлари бошланишидан олдин туман ҳокими, сектор раҳбарлари меҳмонлар ва фахрийлар биргаликда маҳаллалар томонидан безатилган сўриларда ташкил қилинган кўргазмаларни кўздан кечирди, сайил иштирокчиларини байрам билан табриклади.
Туман ҳокими Р.Шамуратовнинг юртдошларимизга байрам табригидан сўнг, концерт дастури бошланди. Туман маданият бўлими ходимлари ҳамда хушовоз хонандалар ижросидаги миллий куй-қўшиқлар, истеъдодли ёшларнинг жозибали рақслари ҳамда театрлаштирилган саҳна кўринишлари, лапар ва айтишувлар, эл суйган санъаткорларнинг байрамона чиқишлари, миллий ва турли миллат вакилларининг қўшиқлари байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.
Марказий кўчада бўлиб ўтган байрам шодиёналари миллий спорт ўйинларига уланиб кетди. Полвонлар беллашуви, арқон тортишувлар ҳамда қўчқор уриштиришлар қизиқувчиларни чорлади.
Ҳар бир йўналиш бўйича ўз маҳоратини намойиш қилган спортчиларга мусобақа якунида қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Қ.Х.А.