Мамлакатимизда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини янада ривожлантириш бўйича бир қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатлар орқали маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда учраётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.
Сўнги йилларда миллий қонунчилигимизда халқ ҳокимиятини тўлақонли амалга ошириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг назорат функциясини кучайтиришга қаратилган кучли ҳуқуқий тамойил яратилди, десак муболаға бўлмайди.
Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилгани ҳокимият бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Натижада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилиб, уларга кўплаб янги ваколатлар берилди.
Бугунги кунга келиб “Ўзбекистон-2030″ стратегиясида белгиланган мақсадлар, яъни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам “хизматкори”га айлантириш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бу борада муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юқоридаги каби долзарб мақсадларни амалга оширишга йўналтирилгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи маротаба маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилмоқда.
Шу билан биргаликда, жамият ва давлат ҳаётининг аҳамиятли масалаларини ҳал қилишда шу ҳудудда яшовчи халқнинг фикрини ҳисобга олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида таълим, атроф-муҳитни асраш, шаҳар муҳандислиги, транспорт ва ҳудудий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган қатор ваколатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ўтказилмоқда.
Эндиликда, ҳудуддаги эҳтиёжни ҳар томонлама ўрганган ҳолда, қайси ҳудудда, маҳаллада янги мактаб ёки боғча ташкил этиш керак, қайси бирини кенгайтириш, қайсисини тугатиш кераклигини аҳоли иродасининг кўзгуси бўлмиш халқ вакиллари ҳал этади.
Шу жумладан, атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи ёки унга бевосита таъсир кўрсатувчи корхона ва иншоотлар қуриладиган жойлар, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойлар халқ вакиллари розилиги билан белгиланади.
Бундан ташқари, шаҳар йўловчи транспортида йўналишларни ташкил этиш, янги йўналишлар очиш, бекатлар, тўхтаб туриш ва диспетчерлик манзилларини жойлаштириш, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларига, табиий объектларга ном бериш ҳамда уларнинг номларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш, айрим тоифадаги шаҳарсозлик фаолияти объектларини маҳаллий аҳамиятга молик объектлар сирасига киритиш ҳам маҳаллий Кенгашлар қарори билан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Бу эса жамият ҳаёти учун муҳим бўлган масалаларни аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда халқ вакиллари томонидан ҳал қилиш имконини беради.
Конституциявий ислоҳотлар натижасида 2024 йилги сайлов якунлари бўйича, дастлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида, сўнгра 2026 йилдан эътиборан туман (шаҳар) Кенгашларида Кенгаш раислари ва ҳокимлар алоҳида-алоҳида фаолият юритади.
Шу сабабли, амалдаги қонунчилик билан бугунга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган умумий вазифа ва функцияларнинг маҳаллий вакиллик органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ тақсимланиши белгиланди.
Эътиборлиси шуки, Кенгашларнинг ўз фаолиятини давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга ошириши кафолатланмоқда.
Хусусан, эндиликда, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Келгусида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда тегишли вазифалар маҳаллий вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаб борилади, шу билан бирга, амалдаги қонунчиликдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилган ва Кенгашлар фаолиятига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул деб белгиланмоқда.
Мазкур фармон билан маҳаллий Кенгашларга берилаётган янги ваколатлар биз партия вакиллари учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Сабаби, партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашда депутатлар фаолиятига ва фаоллигига суянамиз. Депутатларимиз маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари аъзолари сифатида партиямиз илгари сурган мақсад ва вазифаларнинг, сайловчилар тилак ва истакларининг қонуний ижроси ва ҳал қилиниши бўйича фаолият олиб боради.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, сиёсий ва ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган ушбу фармоннинг қабул қилиниши соҳада тўпланиб қолган ва ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янгича Конституциявий ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишда муҳим қадам бўлди.
Нурлибой Каипбергенов,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
раиси.