Ҳадя шартномаси нотариуслар орасида амалда тез-тез учрайдиган нотариал ҳаракатлардан биридир. Асосан, ҳадя шартномасида яқин қариндошлар ёки қариндошлик ришталари билан боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасида, кўчар ва кўчмас мулкни ҳадя қилиш тўғрисида битим тузилади. Бундай битимларни амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари, агар қариндошлик факти белгиланган тартибда тасдиқланган тақдирда, давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 502-моддасига кўра, ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.
Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Аммо кўпинча амалиётда томонлар ҳадя шартномасини бекор қилмоқчи бўлган ҳолатлар ҳам учраб туради.
Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонунчиликдан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса.
Мисол тариқсади, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддаси асосида, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкинлиги қайд қилинган.
Лекин бизнинг фикримизча, биринчи навбатда, агар сиз ҳадя шартномасини бекор қилмоқчи бўлсангиз, ҳадя айнан шартнома эканлигини билишингиз керак, яъни иккита муомала лаёқатига эга бўлган шахслар иштирок этадиган ва илгари бажарилган ўзаро келишувга биноан ихтиёрий равишда ҳаракат қиладиган икки томонлама битимдир. Агар битим тузишни бекор қилиш сабаблари қонун ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлса, ҳадя қилувчи шартномасини бекор қилишга ҳақлидир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 507-моддасида ҳадяни бекор қилиш асослари мустаҳкамланган.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлигига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.
Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.
Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик ва жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик қоидаларини бузиб, тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатилишидан олдинги бир йил ичида ўзининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.
Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.
Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.
Шундай қилиб, қонунчиликда ҳадяни бекор қилиш ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш учун аниқ мезонлар ва асослар келтирилган. Бундай битимларни бекор қилиш учун қонунда кўрсатилган жиддий асосларнинг мавжудлигини талаб қилади, тарафларнинг ўзаро келишиб олган ҳолатлари бундан мустасно, агар биз юридик шахслар билан боғлиқ битимлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳадя қилувчи ёки манфаатдор шахс томонидан судда ҳар бир ҳолат алоҳида исботланиши керак. Юқорида таъкидлаб ўтилган асосларсиз ҳадя қилувчи ўз ҳадясини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмасдир.
Шахсанем САЛИЕВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар бўлими катта маслаҳатчиси.