Мафкуравий таҳдид келажакга таҳдид


Бугунги кунда инсон онги ва қалбини эгаллашга қаратилган мафкуравий таҳдидларга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг асосий бурчи ҳисобланади.

Яқинда, Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг “Иқтисодиёт ва гуманитар фанлар” кафедраси томонидан “Экстремизм ва терроризмга қарши кураш-давр талаби!” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни 2018 йил 30 июлда қабул қилинган бўлиб, унда экстремизм-ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгариштиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаси, деб таъриф берилган.

Президентимиз Ш.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидланган эди.

Шунингдек, давлат раҳбари жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда UNESCO шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қилди.

2021 йилда Президентимиз фармони билан 2021-2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқланди. Стратегиянинг мақсади Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, миллий хавфсизлик, шунингдек, фуқароларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга имкон берадиган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича самарали ва бир вақтнинг ўзида мувофиқлаштирилган давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашдир.

Тадбирда ёшлар ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишди.

Икром Холмуратов,

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филили ўқитувчиси.