ҲАЁТГА КЕЛДИНГМИ, ҲАРАКАТДАН ТЎХТАМА!


Тахиатош азалдан энергетиклар ва дўстлик маскани, дея таърифланади. Шу билан бирга спортчилар ва мухлислар Тахиатошда оғир атлетика бўйича ўзига хос мактаб яратилганини яхши билишади.

Шунга бўлса керак, мен ҳам болалигимдан спортнинг оғир атлетика тури билан шуғулландим. Кўп бора ҳудудий ва республика миқёсидаги мусобақаларда иштирок қилиб, совриндор бўлганман. Бир неча йил илгари бахтсиз ҳодиса сабабли, имконияти чекланган инсонлар қаторига қўшилиб қолдим. Спортчи учун умуман инсон учун бир қўлидан айрилиш ҳолатидаги тушкунликни мен ҳозир сўзда ифода этиб бера олмайман…

Албатта, тушкунлик менга ҳеч нима бермаслигини анг­лаган ҳолда бахтсиз ҳодисадан кейин оёққа яна тура бошладим. Бунда ота-онам, яқинларим далда бўлишди. Яна спорт билан шуғулишга, олий ўқув юртига ўқишга киришга ҳаракат қила бошладим.

Юртимизда ўқийман, ёки бирор касбни эгаллайман деган, интилувчи ёшларга, ҳатто имконияти чекланганлага ҳам шароитлар яратилган. Мен ҳам Президентимиз томонидан имконияти чекланганлар учун ажратилган имтиёз ва интилишларим натижасида Қорақалпоқ давлат университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим.  Олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинганим, ўзим билан бирга ота-онамни ҳам чексиз қувонтирди. Шунда билдимки, ҳали менинг қиладиган ишларим олдимда. Ўз олдимга катта мақсадлар қўйиб олға интила бошладим.

Бугунги кунда мураббийимиз Артур Арисов қўли остида спортнинг таэквондо тури билан шуғулланиб келмоқдаман. Бу йўналишда ҳам бир неча мусобақаларда иштирок қилиб, совринли ўринларни эгаллаганим мени катта мақсадлар ва натижаларга эришишга руҳлантирмоқда…

Юқорида таъкидлаганимдек, Президентимизнинг алоҳида эътибори туфали юртимизда имконияти чекланганларнинг ўқиши ва ишлаши учун кўплаб шароитлар яратилмоқда. Шу йилнинг февраль ойида Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада қатор вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани, бундай шахсларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзлар берилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаётгани, айниқса, ушбу йиғилишда спортни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилиб, ногиронлиги бор шахслар маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб қилиниши, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларда умид ва ўзига ишонч уйғотадиган бадиий асарлар яратилиши белгилангани мени жуда қувонтирди.

Ўзим ҳам келажакда Паралимпия ўйинларида иштирок қилиб, Ватанимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтаришни қалбимга тугиб қўйганман.  Албатта, бунинг учун мураббийимиз билан биргаликда машғулотлар олиб бориб, мусобақаларда яхши натижалар кўрсатиш учун тинмай ҳаракатдамиз. Биз ёшларга, қолаверса имконияти чекланган инсонларга шароит яратаётган давлатимиз раҳбарига ва олий ўқув юрти раҳбариятига миннатдорлик билдираман.

Шу ўринда соғлом бўла туриб, бирор иш ўрганиш ёки ўқиш ҳақида ўйламайдиган, бироқ ҳамиша ҳаётдан нолийдиган инсонларга икки оғиз гапим бор:

Ҳаққинг йўқ чарчаб қолишга,

Сабаб йўқ ортда қолишга.

Бу ҳаётга келдингми,

Ҳаракатдан тўхтама!

Мен олдинги соғлом жисмим ва тақдир тақозоси билан имкониятим чекланган ҳозирги даврни ҳам кўргач, ушбу қаторларни ҳаётдаги шиоримга айлантирганман. Натижада тушкунликдан чиқиб, катта орзулар қилишни ва уларга эришишни ўргандим. Шундай экан, қадрли тенгдошлар ҳаётингизнинг ҳар бир дақиқасидан самарали фойдалансангиз ва мақсадлар сари интилсангиз, албатта натижага эришасиз!

Бауиржан Тажимухаммедов,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси.