Эл анъанасини улуғлаш санъати


Бундан икки йил аввал Бўзатовда ўтказилган “Ёшлар овози” республика фестивали доирасида ташкил этилган танловда Аширбек Қўзибоев бахшичилик йўналишида биринчи, Бахитбек Қалибаев опера йўналиши бўйича иккинчи ўринни эгаллади.

“Ажойиб ва бетакрор овоз эгалари қаердан пайдо бўлди? Устозлари ким? Қаерда таҳсил олган? Бизда ҳам ёш истеъдодлар кўп экан-ку! Биз ҳам фарзандларимизни шу мактабга берайлик”, деган қизиқувчилар кўпайди.

— Ўғлим Бахитбек Қалибаев уч йилдан буён Нукус шаҳридаги опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўқийди. Рости, ушбу мактаб-интернат очилган пайтда жуда қувонганмиз. Чунки олдин ўғлим академик вокал йўналиши бўйича мусиқа мактабига қатнарди, — дейди нукуслик Дилбархон Ғаниева. — Болажоним эришаётган ютуқлар замирида устозларининг машаққатли меҳнати бор. Давлатимиз ёшлар учун мана шундай замонавий шароитлар яратиб бераётганидан барча ота-оналар жуда миннатдор.

“Бундай мактабларни ташкил этишимиздан асосий мақсад — тарихимизни, маданиятимизни чуқур ўрганиш, ўзлигимизни англаш. Бахшичилик — қорақалпоқ элининг улуғ анъанаси, уни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратамиз”, деган эди давлатимиз раҳбари ушбу масканга ташрифи чоғида.

— Мактабимизда 75 ўқувчи мутахассислик ҳамда умумтаълим фанларидан чуқурлаштирилган тартибда таълим олмоқда, — дейди мактаб-интернат директори, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Дарибай Хожабергенов.

— Улар “Академик хонандалик”, “Чолғу ижрочилиги”, “Бахшичилик” йўналишлари, шунингдек, мутахассисликлар, ихтисосликка доир якка ва гуруҳ билан ўтиладиган фанлар, мусиқа назарияси ҳамда амалий билим кўникмалари бўйича ўқитилмоқда. Бизда мутахассислик синфлари бўйича Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ бахшилари, хизмат кўрсатган артистлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, мамлакат ва халқаро танловлар ғолиблари ҳамда ўз ўқитиш услубига эга маҳоратли ўқитувчи ва концертмейстерлар, тажрибали фан ўқитувчилари сабоқ бериб келмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида соҳани тубдан ислоҳ қилиш, маданият ва санъат соҳасида қобилиятли ёш ижрочиларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини миллий чолғулар, мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-услубий адабиётлар билан таъминлашнинг ягона тизимини яратиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

— Қорақалпоғистонда опера жанрида ўзига хос мактаб мавжудлигини кўпчилик яхши билади. Муяссар Раззоқова, Кенесбай Сержанов, Элиза Айтниязова, Толибек Хожаназаров, Роза Қутекеева, Женисбек Пиязов, Шираз Турсинбаев сингари таниқли опера хонандалари юртимиз санъати довруғини дунёга таратмоқда. Бахшичилик йўналишида эса Ўзбекистон халқ бахшилари ­айратдин Утемуратов, Тенел Қаллиев, Қорақалпоғистон халқ бахшилари Гулнора Алламбергенова, Гулбаҳор Ахимбетова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Муҳаммед Торебеков, Лола Махамадиноваларни фахр билан тилга оламиз, — дейди мактаб-интернат директори Дарибай Хожабергенов. – Мактабимизда тарбияланаётган болалар ҳам яқин келажакда ана шу устозларидек санъатимизнинг буюк дарғалари бўлиб етишишига ишончим комил.

Мактаб ўқувчилари халқаро танловларда ҳам совринли ўринларни эгаллаб келади. Жумладан, ўқувчиларимиз — бахши Жумабаева Жасмина, Жолдасбаева Айзада нуфузли халқаро танловлар ғолиби бўлди.

— 2023 йил февраль ойида Қорақалпоғистон халқ жирови Жақсилиқ Сиримбетовнинг 75 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Достонларни жирлаймиз” номли 1-Республика кўрик-танловида 8-синф ўқувчилари Даўлетназар Хабибназаров ва Муҳаммедали Бекбергенов “Келажак жировлари” номинацияси ғолиби деб топилди, — дейди мазкур мактаб директор ўринбосари Есмурза Каримов. — Бундан ташқари, Қозоғистонда ўтказилган “Биз бахтли боламиз” халқаро танловида Гран-прини қўлга киритдик. Шунингдек, Жасмина Жумабаева, Айжамал Аяпова, Бегзад Генжемуратов, Сайёра Худайбергенова, Нурдаўлет Сарсенов, Умида Аяпова ва Айсулиў Узақбаева каби ўқувчиларимиз билан ҳар қанча мақтансак арзийди.

Ёшлар истеъдодини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган танловлар, халқаро фестиваллар, йирик санъат анжуманлари кўп. Жумладан, Бўзатов тумани ва Нукус шаҳрида ташкил этилган “Ёшлар овози” республика фестивали ҳам юртимизда истеъдодли ёшларни кашф этишга хизмат қилмоқда. Халқаро бахшичилик санъати, “Лазги”, “Мақом”, “Бойсун баҳори”, “Ёшлик баҳори” сингари йирик халқаро танлов ва фестивалларда ҳам қорақалпоғистонлик ёш истеъдодлар муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Ушбу даргоҳда билим олаётган ёшларнинг парвози баланд бўлиши шубҳасиз.

М.ҚУТЛИМУРАТОВ.