Ҳарбий ўғлонлар ўз уйларига кузатилди


Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини ўтаб, заҳирага бўшатилган 600 нафардан зиёд муддатли ҳарбий хизматчи Наврўз байрами арафасида тантанали равишда ўз уйларига кузатилди.

Бир йил мобайнида машаққат ва синовларда тобланган элимизнинг забардаст ўғлонлари уйларига ёруғ юз билан қайтишдан олдин ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов билан учрашиб, суҳбатлашди.

Суҳбат  давомида  қўмондон  намунали  хизмати, командирлар томонидан  қўйилган  вазифаларни бажаришдаги масъулияти, юртимизнинг энг олис бўлган Шимоли-ғарбий ҳудудларини ҳимоя қилиш  йўлида юксак жанговар шайлиги учун аскарларга ўзининг миннатдорчилигини изҳор этди. Янги Ўзбекистонни барпо этаётган  меҳнаткаш  халқимиз, Президентимизга елкадош бўлиш, мамлакатимиз фаровонлиги  йўлида хизмат қилиш энг олий шараф экани айтилди.  Бугун ёшларнинг камол топиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун мамлакатимизда кўплаб касб-ҳунарга йўналтирувчи марказлар, ўқув муассасалари фаолият олиб бормоқда. Ана шундай марказларда бирор ҳунарга эга бўлиш, келгусида йигитларнинг, ҳаётда ўз ўрнини топишларида кўмакдош бўлади.

Шундан  кейин ҳарбий қисм саф майдонида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, захирага бўшатилган аскарларнинг хайрлашиш маросими ўтказилди. Тантана давомида 400 нафарга яқин муддатли ҳарбий хизматчига олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномалари топширилиб, бир гуруҳ аскарлар ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди.

Таъкидлаш жоизки, муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида 40 нафардан зиёд ёш ҳаётини ҳарбийлик билан чамбарчас боғлаб, келгусида шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттиришга истак билдирди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият  вазирлигининг санъаткорлари томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди. Муддатли ҳарбий хизматчилар анъанага мувофиқ тантанали соф тортиб рамзий маънода ҳарбий қисм билан хайрлашди.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

муаллиф олган сурат.