Суд-ҳуқуқ соҳаси фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг тажрибасини ёш судьяларга етказиш мақсадида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.
Видеоконфренцалоқа орқали ўтган тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судья ва ходимлари, уларнинг ота-оналари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳияти, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги аҳамияти, одил судлов инсон манфаатлари ҳимоясининг гарови эканлиги талаба-ёшларга тушунтирилди. Шунингдек, “Касби-корим адолат бўлди” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар ёш судьялар ва суд ходимлари тафаккурини юксалтиришга, уларнинг адолатли ва фақатгина қонунларга мувофиқ пок виждон билан ишлашига, инсон тақдири ва қадри учун янада масъулиятли бўлишга ундайди.
Ўзаро суҳбат ва мулоқотларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор қаратилаётгани ҳар бир кишининг ўз орзу-ниятларини рўёбга чиқаришига имкониятлар яратилаётгани таъкидланди.
Суд соҳаси фахрийлари ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, иш жараёнидаги машаққатлар ва ниҳоят бугун кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирдилар. Эл-юрт равнақи йўлида давлатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатларнинг бош мавзусига айланди.
Тадбирда суд соҳаси фахрийларига Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг “Касби-корим адолат бўлди” китоби ва эсдалик совғалар топширилди.
Қ.Х.А.