Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Чимбой туманида бўлиб, бир қатор овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммоларини ўрганди ва олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.
Дастлаб Чимбой тумани деҳқон бозорида яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, бозор ҳудудида инфратузилмани янада яхшилаш, харидорлар ва тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш бўйича бажарилган ишлар кўздан кечирилди.
Деҳқон бозори ҳудудида бугунги кунда халққа сифатли бозор хизматини кўрсатиш борасида барча қулайликларга эга йирик кўламли ёпиқ савдо мажмуаси қурилиши давом этмоқда. Жами 30 млрд. сўмлик лойиҳа доирасида кўп қаватли савдо биноси, автомашиналар тураргоҳи ва бошқа қулайликлар яратилади.
Жўқорғи Кенгес Раиси масъулларга савдо мажмуаси қурилиши ишларини жадаллаштириш ва лойиҳа ташаббускорларига ёрдам бериш бўйича топшириқлар берди. Шундан кейин фуқароларнинг муаммоларига ечим топиш бўйича амалга оширилган ишларни жойига бориб кўриш мақсадида «Тағжап» ва «Ке¦ес» овул фуқаролар йиғинларида бўлиб ҳудуд аҳолиси билан яқиндан мулоқот қилди.
Фуқаролар томонидан ички йўлларни таъмирлаш ва инфратузилмани яхшилаш бўйича ундан олдинги учрашувларда билдирилган мурожаатлар бугунги кунга келиб босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда. Фуқаролар билан навбатдаги мулоқотда бир қатор аҳамиятли муаммолар таъкидланиб, ҳар бир кўтарилган масала кўриб чиқилди ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Ҳар бир ўринли муаммо албатта ўз ечимини топиши қайд этилди.
Ўз навбатида фуқаролар ҳам мурожаатлари четда қолмай республика раҳбарининг ўзи келиб ўрганиб ва назоратга олаётгани учун миннатдорчилик билдиришди.
Шунингдек, бу муаммоларнинг ўз ечимини топишида Президентимизнинг шахсий ташаббуси билан олиб бораётган «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя асосидаги ислоҳотлар бугун ҳар бир фуқаронинг ҳаётига кириб бораётгани алоҳида таъкиланди.
Қ.Х.А.