Бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кўриб чиқилди


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ­Раиси А.Оринбаев Қўнғирот туманидаги ижтимоий объектлар ва олиб борилаёт­ган ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Дастлаб Халқаро аҳамиятдаги А-308 автомобиль йўли бўйида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш ва яшил белбоғларни барпо этиш шунингдек ўрмон хўжалиги ва ободонлаштириш бошқармаси питомниги ишларини кўздан кечирди. Кузги дарахт экишга ерларни ва кўчатларни тайёрлаш, бу ишларни ташкилотчилик билан олиб бориш, питомникларни кенгайтириш учун ер майдонларини ажратиш бўйича топшириқлар берилди.

Шундан кейин Жўқорғи Кенгес Раиси таъмирталаб аҳволга келиб қолган 32-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биносини бориб кўрди. Масъулларга тез фурсатда қурилиш ишларини бошлаш ва шу йилнинг ичида боғча биносини фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилди.

Бугунги кунда фуқароларнинг турмушидан розилигини таъминлашда маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш аҳамиятли масала бўлиб Президентимиз топшириғи билан  амалга оширилаётган «Ханжап» маҳалласи, «Кийет», «Устирт» овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги ички йўлларни таъмирлаш ишлари билан танишди. «Устирт» овул фуқаролар йиғинида 3,3 млрд. сўм маблағ ҳисобидан янги қурилаётган боғча иморатининг қурилиш ишларини тез орада якунлаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси шундан сўнг «Азатлық» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган авария ҳолатидаги уйларда яшаётган 8 оилани уй-жой билан таъминлаш масаласига эътибор қаратиб, улар учун янгидан қурилаётган уйларнинг қурилишини жадаллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.

Бундан ташқари йўл бўйида жойлашган бугунги кунда ҳаракатсиз турган корхона ва бизнес объектларини қайта ишга тушириш, автомобиль йўлларини таъмирлаш, бозор инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Қ.Х.А.