Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19-20 август кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Кегейли туманидаги Жузимбағ маҳалласида бўлиб, шу ерда деҳқончилик қилаётган йигит-қизлар билан суҳбатлашди. Суҳбат жараёнида давлатимиз раҳбари ёшларнинг таклифлари асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун совиткичли омбор қуриш, эҳтиёжманд йигит-қизларнинг тўйлари ва шартнома тўловларига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берди.
— Қорақалпоғистонда 200 та ёш оилаларнинг тўйини ўтказишга ёрдам бериладиган бўлди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Полат Махсетбаев. — Ҳудудимизда моддий имконияти йўқлиги туфайли никоҳ тўйларини ўтказа олмаган ёш оилалар бор. Биз ўрганиб чиққанимизда, бундай оилалар сони 100 дан ортиқ экани, тўй ўтказиш учун ҳар бирига ўртача 15 миллион сўм маблағ зарурлиги маълум бўлди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, учрашувда таклиф билдирдим.
Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси бўйича 200 та эҳтиёжманд ёш оилаларнинг никоҳ тўйларини ўтказишга кўмак берилиши белгиланди. 200 та никоҳ тўйи бу 400 нафар ёшларнинг орзуси ушалиши, минглаб оилаларнинг қувончу шодлиги, бугунги кунига шукроналиги ортишига сабаб бўлиши шубҳасиздир.
Биз ҳозир моддий имконияти йўқлиги туфайли никоҳ тўйларини ўтказа олмаган оилаларни аниқлаш учун ҳар битта маҳаллада ўрганиш ишларини бошлаб юбордик. Бу борада ҳақиқатан ҳам муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, аниқ тартиб асосида никоҳ тўйларини ўтказишни режалаштирганмиз.
Кегейлидаги учрашувда Президентимизнинг сўзларидан руҳланиб, «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит-қизларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун шартнома пулларини тўлаб беришда талабаларнинг фаоллигини ҳисобга олиш бўйича ҳам таклиф билдирдим.
Бунда шартнома пуллари тўлаб берилиши учун талабалар жамоат ишларида фаол иштирок этиши, таълимда, яъни баҳолаш мезонларида кўрсаткичлари камида 78 баллдан иборат бўлиши талаб этилади.
Бунинг натижасида талабалар ўзларининг устида кўпроқ ишлаб, билимларини янада оширишга ҳаракат қилади. Бу ҳам ушбу ёшларнинг етук кадрлар бўлиб етишишига хизмат этадиган омиллардан бири бўлиши мумкин.
Учинчи таклифим, йил бошидан «Ёшлар дафтари» балансидаги маблағларни банкка қўйиш орқали асосий маблағни сақлаб қолган ҳолда, унинг фоизларидан жамғарилган маблағлар ҳисобидан ёшларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишга сарфлаб бориш бўйича бўлди. Албатта, билдирган таклифларимиз бўйича тегишли кўрсатмалар берилиб, масъуллар билан биргаликда уларни ижро механизмларини ишлаб чиқмоқдамиз.
Ёшлар эътибор ва ғамхўрликдан мамнун. Масалан, Фарангиз Турдибаева Жузимбағ маҳалласидан 25 сотих ер олган. Ҳозирги пайтда помидор маҳсулотини етиштиряпти. Бу йил режа қилган даромади 20-25 миллион сўм атрофида.
— Узумларни парвариш қилганимиз учун қўшимча 1,5 миллион сўм ойлик ҳам тўланади, — дейди у. — Уч-тўрт йилдан кейин узум ҳосилга кирса ундан ҳам даромад олиб бошлаймиз. Ёшларга яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда турмуш ўртоғим билан 75 сотих ер майдонини ижарага олганмиз. У ерда бир-неча йиллардан бери деҳқончилик қилиб, полиз маҳсулотларини етиштириб келяпмиз. Бу йил кунжут экканмиз. Бунинг сабаби кунжут иқлимимизга мос, сув кўп талаб этмайди, аммо бозори яхши. 75 сотихдан 40-50 миллион даромад кўзлаганмиз. Октябрь ойигача помидорларни йиғиб олсак, бу ерга кўк пиёз экмоқчимиз.
Фарангиз ва ёнидаги деҳқон ёшларнинг етиштирган маҳсулотларини сақлаш учун совиткичли омбор қуриб бериш бўйича таклифи маъқулланиб, масъуллар томонидан лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, деҳқончиликдан топган даромади ҳисобига никоҳ тўйини ўтказишни ният қилган ёшлардан бири Абдураҳмон Қойлибаевнинг тўйи ҳам ўтказиб бериладиган бўлди.
Абдураҳмон ўзига берилган 25 сотих ерда 3000 туп помидор кўчатини парвариш қилиб, мўл ҳосил олиб келмоқда. Бундан ташқари, у 300 туп узум ниҳолларини парвариш қилаётгани учун ойига 1,5 миллион сўмдан маош олади.
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи доирасида ёшларга оид янги ташаббуслар илгари сурилади ва шу аснода улар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Ғайрат Отажонов.